November 22, 2019

МАХСУС ВИДЕОРОЛИК НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

 Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Бироқ, айрим жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб келинган эди.

Ушбу йўналиш Президентимиз эътиборларидан четда қолмади ва жорий йилнинг 9 январь санасида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар.

Мазкур Фармон доирасида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан суд биноларида ёшлар билан кенг қамровли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоят суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Камолов, вилоят судининг судьяси Роҳила Худайбердиева қатнашди.

Учрашувда судьялар томонидан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, вояга етмаганлар жиноятчилиги, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳусусида фикр юритилди.

Тадбирда тарбиявий аҳамиятга эга махсус видеоролик намойиш этилди. Учрашувда судьялар ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтаришди. Тадбир якунида ёшлар суд биносида яратилган шароитлар билан таништирилди.

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди