December 10, 2019

ЙПХ ИНСПЕКТОРИ ЖАЗОСИНИ ОЛДИ

 Зиёдулла Шерматов (судланувчининг исм-шарифи ўзгартирилган) 2016 йилнинг март ойидан 2018 йил март ойига қадар Хатирчи туман ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи маъмурий амалиёти бўлими инспектори лавозимида ишлаган.

Шу вақт оралиғида у давлат берган ваколатларидан ўзининг шахсий манфаатларида фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг турли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилиши ва жазо тайинланиши лозим бўлган жами 380 нафар фуқародан турли ҳолатларда уларнинг илтимосларига биноан жами 87 млн. 760 минг 577 сўм миқдордаги жарима пулларини қабул қилиб олиб, пулларни тегишли тартибда банк кассасига кирим қилинишини таъминламасдан, ўзининг шахсий манфаатларида ишлатиб юборган.

Бу ҳам етмагандек, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган шахсларнинг ҳуқуқбузарлик юзасидан ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштириладиган ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган маъмурий баённомаларни, ўзи томонидан содир этилган ўзлаштириш жиноятини яшириш мақсадида, жами 400 нафар фуқарога нисбатан расмийлаштирилган қатъий ҳисобда турувчи маъмурий баённомаларни ёқиб юбориш йўли билан қасддан нобуд қилган.

Шунингдек, ЙПХ ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларни қонуний тартибда кўриб чиқилишини таъминламасдан, жами 62 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунда назарда тутилганидан кам миқдорда жарималар қўлланиши оқибатида жами 64 млн. 165 млн. 693 сўмлик жарима маблағларини давлат фойдасига ундирмасдан давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабабчи бўлган.

Бу холатлар суд жараёнида ашёвий далилар асосида ўз исботини топди.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи З.Шерматовга қилмишига яраша жазо тайинланди.

Мустақил Ўзбекистонимиз кундан кунга ривожланиб, фуқароларнинг давлат органларига ишончи янада ортаётган бир пайтда ўз қасамёдини бузиб, давлат берган ваколатлардан қасддан ўз мақсадлари йўлида фойдаланган бундай шахсларнинг борлиги, албатта, киши таъбини хира қилмасдан қолмайди.

Шундай эмасми?

 

З.Ибрагимов, Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси