October 18, 2019

54 НАФАР ШАХСГА ОҚЛОВ ҲУКМИ ЧИҚАРИЛГАН

(133 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турдаги жазолар тайинланган)

  Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди мажлислар залида вилоят жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманини “Чиноз ҳаёти” газетаси бош муҳаррири С. Аҳмедова олиб борди.

Дастлаб, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси Дилшод Таджибаев жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоят ҳамда туман (шаҳар) судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида судлар томонидан 3 921 нафар шахсга нисбатан 2 830 та жиноят ишлари кўрилган бўлса, 2018 йилнинг 9 ойида 4 863 нафар шахсга нисбатан 3 787 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ишлар сони 957 тага ёки 25,3 фоизга, шахслар сони эса 942 тага ёки 19,4 фоизга камайганлигидан далолат бермоқда.

Шулардан 54 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукм ва ажримлари чиқарилган.

Жами судланган шахсларнинг 477 нафарига (15,4%) жарима, 2 нафарига (0,1%) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 61 нафарига (2,0%) мажбурий жамоат ишлари, 719 нафарига (23,2%) ахлоқ тузатиш ишлари, 928 нафарига (30,0%) озодликни чеклаш, 709 нафарига (22,9%) озодликдан маҳрум қилиш, 2 нафарига (0,1%) умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, 195 нафар шахс (6,3%) шартли ҳукм қилинган.

Жами кўриб тамомланган ишлар бўйича шахсларнинг 398 нафарини ёки 10,2 фоизини аёллар ташкил қилиб, вилоят бўйича аёлларга нисбатан бўлган ишлар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 129 нафарга ёки 24,5 фоизга камайган.

Судларда кўрилган ишлар бўйича вояга етмаган шахслар сони 61 нафарни ёки 1,6 фоизи ташкил этган бўлиб, вилоят бўйича ушбу кўрсатгич 2018 йилнинг 9 ойига нисбатан 41 нафарга ёки 40,2 фоизга камайган. Лекин айрим туман (шаҳар)ларда, хусусан, Янгийўл шаҳрида 3 нафарга, Оҳангарон шаҳри ва Пискент туманида 2 нафардан, Олмалиқ шаҳар ва Паркент туманида 1 нафардан ортган.

Кўриб тамомланган ишлар бўйича шахсларнинг 1 533 нафарини ёки 39,1 фоизини ёшлар (14 дан 30 ёшгача бўлган шахслар) ташкил этган бўлиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 570 нафарга ёки 27,1 фоизга камайган. Лекин шунга қарамай, ёшларга нисбатан бўлган жиноят ишларининг Пискент туманида 7 нафарга, Оҳангарон шаҳрида 6 нафарга, Тошкент туманида 2 нафарга ортганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Судлар томонидан жами 11 365 та материаллар ҳам кўриб тамомланган бўлиб, шундан 2 533 (22,3 фоиз) нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 2 935 (25,8 фоиз) нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар енгилроқ жазо тури билан алмаштирилган.

Умумий кўриб тамомланган жиноят ишларининг 1 296 таси ёки 45,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, Маҳалла, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси вакилларини жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, улар томонидан билдирилган кафиллик хатлари асосида 133 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турдаги жазолар тайинланган, 17 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди, Ангрен ва Оҳангарон шаҳар ҳамда Оҳангарон туман судларида ўтган йилнинг декабрь ойидан, Зангиота туман судида шу йил август ойидан, Янгийўл шаҳар ҳамда Янгийўл туман судларида шу йўл сентябрь ойидан бошлаб ишларни кўришда видеоконференцалоқа ва онлайн трансляция тизимидан фойдаланиш имкониятлари яратилди.

Шу йил август ойида Зангиота тумани, сентябрь ойида эса, Янгийўл туман ва шаҳар судлари учун замонавий бинолар қурилиб, ишга туширилди. Ушбу мухташам биноларда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан 2018 йил 7 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ўтказилган тантанали йиғилишда “Билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” мавзусидаги маърузаларида бевосита судлар фаолиятига алоҳида тўхталиб, “касбий маҳорат ва маданиятни ошириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўриш – ҳар бир судьянинг энг устувор вазифаси бўлмоғи лозим. Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор, энг аввало, адолатли, қонуний ва асосли бўлиши шарт. Шундагина одамларимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч янада мустаҳкамланади” – дедилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар судьяларга ҳамда суд ходимларига катта масъулият юклаши билан бирга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилгандир.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг раиси Д.Таджибаевнинг ахборотидан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Олимжон Исмаилов, Тошкент вилоят маъмурий суди раиси Муроджон Абобакиров, Тошкент вилоят иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи Рустам Ҳайдаровнинг ахборотлари ҳам тингланди.

 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди