НИКОҲ ШАРТНОМАСИ ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИНГ АСОСИДИР

Оила-жамият асоси, улкан ижтимоий куч ҳисобланади. Унда аждодларимиз мероси, бугунимизнинг ойдин саҳифалари, эртанги кунимиз умиди бор. Биз шу оилада келажагимиз эгалари, миллатимиз ворисларини тарбия қиламиз. Бу муқаддас даргоҳда кечагина бешикни тебратиб, бағримизга босиб, овутганларимиз – фарзандларимиз ўсмоқда. Она Ўзбекистонимизда ҳам оила ҳамиша муқаддас саналган. Оилани қўллаб -қуватлаш ва бола манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган конституциявий нормалар қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларида ўз аксини топган.

Оиланинг асосий вазифаси хам жамиятга фидойи комил инсонларни етиштириб беришдан иборат. Зеро, соғлом бола бу соғлом оиланинг мевасидир. Соғлом инсон деганда, фақат жисмоний сиҳат-саломатликни эмас, балки ўзбек халқига хос шарқона одоб-ахлоқ, миллий ғоя ва бағрикенглик, инсонпарварлик каби эзгу ҳис-туйғулар руҳида камол топган маьнан етук инсонни тушунишимиз мумкин. Зеро, маьнавий соғлом инсонлар аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва халқнинг эртанги куни учун қайғура оладилар. Бевосита оиладаги соғлом муҳит, соғлом мафкура, маьнавий соғлом инсоннинг таянч манбаидир дея оламиз. Жамиятимиз мустаҳкам таянчи бўлмиш оила нафақат эртанги кун шахсларини тарбиялайди, балки ватан ва эртанги кун учун қайғура олиш қобилиятини хам шакллантира олиши шубҳасиздир.

Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларимизни соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оила жамиятнинг асоси хисобланади. Хўш оиланинг асосини нима ташкил этади? Албатта, оиланинг хуқуқий асосини қонуний никох ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро хуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

 Никох ўзи нима?

       Никох ўзи нима, у келишув, битим, шартнома, аҳднома ёки бўлажак келин-куёв ўртасидаги иттифоқми, деган савол туғилиши табиийдир. “Никоҳ” сўзи арабча бўлиб, “қўшилиш”деган маънони англатади. Унинг луғавий маъносига кўра, никоҳ бу икки жинсдаги шахсларнинг ўзаро розилик, ихтиёрийлик, тенглик, белгиланган никоҳ ёшига етганлик асосида ахдлашиб тузиладиган иттифоқидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дейилади.   Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши аёллар ва эркаклар учун 18 ёш деб белгиланган бўлса-да мутахассислар 20 ёшдан кейин никоҳга кириб оила қуриш мақсадга мувофиқ деб таъкидлайдилар.

  Никоҳ тузиш тартиби.

  Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб берилган бўлиб, никоҳ фуқоролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русмларга биноан тузилган никоҳ хуқуқий аҳамиятга эга эмас.   Оила кодексининг 14 ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади.

Хозирги кунда Оила кодексига янги норма сифатида “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш” тўғрисидаги 17-модда киритилди. Мазкур моддада никохланувчи шахсларнинг давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган.  Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган “Никохланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом” қабул қилинган. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади, 50 ёшдан катта шахсларнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш холлари бундан мустасно.  Низом талабларига мувофиқ никоҳланувчи шахслар ўзлари яшаш жойларидаги тиббий муассасадан белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтадилар.

Оила кодексининг 29-моддасига биноан, никоҳ шартномаси-никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёхуд эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда, уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.

Оила ҳуқуқий асосларининг узвий бир қисми никоҳ шартномаси, никоҳнинг расмий қайд этилиши, унда иштирок этаётган йигит ва қизнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини юзага келтиради. Оила қураётган бугунги ёшлар ичида бу жараёнгача, тадбиркорлик қобилияти ёки интеллектуал салоҳияти билан моддий-молиявий жиҳатдан анча нарсага эришганлари кўпчиликни ташкил этади. Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа битимлар асосида олган мол-мулки фақат ўзининг мулки ҳисобланади. Шу маънода эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки эса уларнинг никоҳ давомида орттирган, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар умумий маблағлари ҳисобига олинган буюм ёки бошқа нарсалари бўлиши мумкин.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар тузилган шартнома у давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Шартнома ёзма шаклда тузилади ва албатта нотариал идора орқали тасдиқланиши шарт.

Никоҳ шартномасини ишончнома орқали тузишга йўл қўйилмайди.

Никоҳ шартномасини тузишда томонларнинг паспортларига кўра шахслари аниқланади. Никоҳ тузишдан олдин никох шартномасини тузишга келганлар билан нотариус томонидан суҳбат ўтказилгач ёки эр-хотиннинг никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларига асосан, бу шартнома нотариал тасдиқланиш учун қабул қилинади. Нотариус шартноманинг мазмуни амалдаги қонунларга зид бўлмагандагина тасдиқлашга ҳақли.

Никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган низоларни суд жараёнида тўғри ва адолатли ҳал қилинишида ёрдам беради, яъни, эр-хотин никоҳдан ажралган тақдирда уларнинг ҳар бирига тегишли мулкни ҳажми ва миқдорини аниқлаб олиш имкони ортади.

Муҳими, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ никоҳ шартномасини тузиш ихтиёрийдир. Яъни, бундай шаклдаги шартномани тузиш ёки тузмаслик эр ва хотиннинг ўзига боғлиқ.

Никоҳ шартномасининг яна бир афзаллиги шундаки, у ўзида нафақат эр-хотиннинг мол-мулкини вужудга келтириш ёки унинг ҳуқуқий тартибини ўзгартириш, шу билан бирга, эр-хотиннинг бир-бирига моддий таъминот беришини тартибга солишини ҳам акс эттиради. Шу боис, никоҳ шартномасини фақат мулкий низоларни ҳал қилишга ёрдам берувчигина эмас, балки никоҳни мустаҳкамловчи омил деб қараш ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, инсонни ҳаёти давомида ҳар томонлама тўкис, осойишта, ҳотиржам ва бахтли яшаши учун, ҳуқуқий тартиб- қоидаларга оғишмай амал қилинса, қурилган оиланинг пойдевори мустаҳкам, келажаги порлоқ бўлиши, шубҳасиз.

Бу ўринда оилани мустаҳкамлаш ва эр-хотиннинг мулкий муносабатларини қонуний тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлган никоҳ шартномасига ҳам тўхталиб ўтсак.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат биз учун янгилик бўлиб, 1998 йилда қабул қилинган янги Оила кодекси билан амалиётга жорий этилди. Никоҳ шартномаси никоҳдан ўтувчилар ва никоҳдаги эр-хотин ўртасида тузилади. Шартнома никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган бўлса, Оила кодексининг 30-моддасига асосан никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради. Никоҳ шартномасини тузиш мутлақо ихтиёрий бўлиб, унинг асосий мазмунини эр ва хотиннинг умумий мол-мулкка эгалик қилишдаги муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб қўйиш ташкил этади. Бунда нафақат эр-хотин ўртасида мавжуд бўлган мулкий ҳуқуқлар, айни пайтда уларнинг биргаликда яшаш даврида орттирадиган мол-мулк ҳисобига вужудга келиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Томонлар оила даромадлари ва харажатларини тақсимлаш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини никоҳ шартномасида белгилаб қўйишлари мумкин. Бу қоида доимий иш ҳақига ҳам, кундалик харажатларга ҳам, айтайлик, биргаликдаги мол-мулк таркибига кирувчи нарсаларни сақлаш ва таъмирлаш, болаларни ўқитиш билан боғлиқ сарф-харажатларга ҳам тегишли. Шунингдек, эр-хотин зарурат туғилганда бир-бирларини пул билан таъминлаб туриш шартларини олдиндан келишиб олишлари ҳам мумкин. Бундай шартлар Оила кодексининг 17-боби талабларига мос бўлиши керак. Худди шунингдек, томонлардан бирининг бошқасига моддий таъминот учун алимент тўлаш тартиби ва миқдори алимент тўлаш тўғрисидаги махсус келишув билан белгиланиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат – томонлар суд томонидан никоҳдан ажратилганда улардан ҳар бирига топшириладиган мол-мулкдаги улушни ўзаро келишувда белгилаш ҳуқуқига эга. Бунинг афзаллиги шундаки, никоҳ даврида эр-хотиндан бири уй-рўзғор юмушлари ва болаларга қараш билан машғул бўлиб, даромад орттира олмайди. Бундай ҳолатда тарафлар никоҳидан ажратилгандан кейин ушбу тараф тегишли моддий таъминотсиз қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Кодекснинг 32-моддасига мувофиқ никоҳ бузилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ бузилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.

Никоҳ шартномаси исталган вақтда ўзгартирилиши, тўлдирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Лекин эр-хотиннинг ўртасидаги унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги келишув ёзма шаклда бўлиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Никоҳ шартномасидан бир томонлама воз кечишга йўл қўйилмайди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, никоҳ шартномаси тузишдан мақсад фақат мулкни тақсимлаш эмас. Аксинча, никоҳ шартномаси никоҳни мустаҳкамловчи омиллардан биридир. У ўзаро аҳилликни таъминлашга, оиланинг умумий мулкини авайлаб-асрашга хизмат қилади, исрофгарчиликларнинг олдини олади, томонларнинг оила олдидаги масъулиятини оширади.

Эр ёки хотин ўзини оила олдида масъул деб ҳисоблар экан, шубҳасиз бу даргоҳда тинч ва фаровон муҳит ҳукмронлик қилишига ҳаракат қилади. Бахтли турмуш кечириш чораларини кўради. Оилаларнинг бахти – бу жамиятнинг бахти, келажак авлодларнинг бахтидир. Биз барчамиз ушбу бахт учун масъуллигимизни унутмаслигимиз лозим.

Ойбек Ҳасанов,

Фуқаролик ишлари бўйича
Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари