ТОШКЕНТ ШАҲРИДА 131 НАФАР ШАХСГА НИСБАТАН ОҚЛОВ ҚАРОРЛАРИ ЧИҚАРИЛГАН

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, суд-ҳуқуқ тизимидаги тарихий ўзгаришга сабаб бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 13 июлдаги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш мақсадида судларга бошқа бир қатор вазифалар билан бирга вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан ҳар чоракда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинглар ўтказиш вазифаси белгилаб берилди.

Яқинда Тошкент шаҳар судлари раислари учинчи жорий йилнинг ўтган 9 ойи якунлари бўйича жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари олдида ахборот беришди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Б.Исламовнинг маълумотига кўра, ўтган 9 ойда Тошкент шаҳрида умумий жиноятлар сони 843 тага ёки 16,04 фоизга камайган.

Пойтахтнинг жами 506 та маҳаллаларидан 375 тасида (74,1%) жиноятлар содир этилган бўлиб, бу кўрсаткич Яккасаройда 95,2% (21/20), Сирғалида 92,5% (40/37), Бектемирда 91,7% (12/11), Чилонзорда 88,2% (51/45), Мирзо Улуғбекда 81,5% (54/44), Юнусободда 80,9% (63/51), Шайхонтоҳурда 72,5% (51/37), Олмазорда 68,9% (58/40), Мирободда 61,5% (39/24), Учтепада 60,0% (60/36), Яшнободда 52,6% (57/30)ни ташкил этган.

131 та (25,9%) маҳаллаларда жиноят содир этилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судларининг иш фаолияти Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга, одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини сақлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилди.

Кўриб тамомланган 2.872 (3.731) та иш бўйича 3.907 (4.944) нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган, 680 (1081) нафар шахсга нисбатан
644 (1007) та ишлар тугатилган, шундан 622 (929) нафар шахсга нисбатан 604 (895) та иш тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган, 131 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган.

2.393нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 499 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган, 2.159нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган, 130нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 988 та ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган 2018 йил 14 февралдаги ва 2018 йил 19 июндаги Қарорлари ижроси доирасида Тошкент шаҳар судлари раислари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда судларнинг ролини ошириш, судьялар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳалққа етказиш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида алоҳида режага асосан ҳар 15 кунда халқ билан очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, туман судлари раислари “Тошкент” телеканалининг жонли эфирдаги “Одил судлов” кўрсатувида иштирок этиб келишмоқда.

Судлар томонидан1.492та (42,3%) жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш тўғрисида 3.248та(92%)хусусий ажримлар чиқарилган.

Аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш мақсадида ишларни судда кўришда кенг жамоатчилик жалб қилиниб, Маҳалла фуқаролар йиғинининг 395 та, Ёшлар иттифоқининг 34 та, Хотин-қизлар қўмитасининг 38 та кафиллиги асосида жами 467 нафар шахсларга (аёллар-123, вояга етмаганлар-9, ёшлар-202, ўттиз ёшдан ошганлар-133) нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган.

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, барча судлар оптик толали алоқа тармоғи орқали Олий суднинг корпоратив тармоғига уланди, судларда марказлашган электрон маълумотлар базаси ишга туширилди, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш амалиёти йўлга қўйилди, Яшнобод, Яккасарой ва Чилонзор туман судларида суд мажлисларини интернет тармоғи орқали онлайн-трансляция қилиш жорий этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида судларда жами 19 та жиноят ишлари видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб кўриб чиқилди,15 та жиноят ишлари онлайн-трансляция режимида ўтказилди.

Буларнинг барчаси суд органларининг шаффофлигини янада таъминлаш, суд ишларини ошкора ўтказишга инсон омилининг таъсирини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Фазлиддин Зиётов,

Жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди бўлим бошлиғи