СУДЬЯЛАР ЭНДИ МАХСУС КИЙИМДА ИШ ОЛИБ БОРИШАДИ
Судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намунасининг тасдиқланиши нафақат “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунлари талабини амалда ижро этилиши, балки одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган халқаро тамойилларнинг миллий қонунчиликка жорий этилиши ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузи ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
-Судьялар учун махсус кийимнинг жорий этилиши жуда ҳам муҳим. Бунда Олий суднинг раиси ҳам, туман суди раиси ҳам бир хил мақомга эга – кийими ҳам бир хил бўлади. Махсус кийим фақатгина суд мажлисларида кийилади. Сайёр судларда ҳам, апелляция, кассация, Раёсат, ҳатто Пленум мажлисларида ҳам махсус кийимдан фойдаланилади. Бу фахр. Ўйлайманки, бу ҳар бир судьяга катта масъулият юклайди”, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов.
Қайд этиш жоизки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 84-моддасида судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб бориши белгиланган.
Шунга мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди судьялари янги йилнинг илк кунларидан бошлаб апелляция судлов инстанциясига келиб тушган ишларни кўришда судьяларнинг махсус кийими (мантия)ни кийган ҳолда иш олиб боришди.
Умид қиламизки, судьялик махсус кийимининг жорий этилиши одил судловни амалга оширишда ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузи янада ортишига хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди