БОЖХОНАЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Навоий вилоят божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашиш, порахўрлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида учрашув ташкил қилинди.

Учрашувда Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Чориев, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси Р.Худайбердиева, Навоий вилояти ИИБ Тергов бошқармаси катта-терговчиси Р.Бозоров, бошқарманинг бўлим, гуруҳ бошлиқлари, бош ва катта инспекторлари иштирок этди.

Тадбирда судья Р.Худайбердиева сўзга чиқиб, 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Нотиқ ўз сўзида коррупцияга қарши курашиш соҳасида идоралараро ҳамкорлик қилиш, коррупциянинг содир этиш сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилаётган механизмлар борасида тушунтиришлар бериб, вилоят миқёсида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноятлар тўғрисида аниқ мисоллар келтирди.

Божхона ходимлари билан ўтказилган учрашув қизғин фикр мулоҳазаларга бой ўтди. Судья Р.Худайбердиева божхона ходимларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди.

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди