“ЎҚУВЧИ ВА ҚОНУН”

Андижон шаҳар халқ таълими бошқармасига қарашли 41- умумтаълим мактабида “Ўқувчи ва қонун” синфини очиш муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда мактаб раҳбарияти ва ўқувчилари, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Андижон вилоят бўлими раҳбари А.Султонов, мактаб раҳбарияти, Адолат СДП вилоят Кенгаши ҳамда суд ходимлари иштирокида “Ўқувчи ва қонун” синфи очилди.

Синф ҳуқуқий адабиётлар ва кўргазалар билан бойитилди.

Аслида бу синфнинг очилишига жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судья катта ёрдамчиси М.Маматбаева ташаббус кўрсатди.

Суд ходими томонидан 8-синф ўқувчиларига “Ўзбекистон ёшлари жиноятчиликка қарши курашадилар!” мавзусида дарс соати ўтиб берилди.

Дарс соатида видеоролик намойиш этилди. Янги қонунлар шарҳланди, Конституция нормалари ҳақида тушунча берилди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги Фармони қабул қилинганидан сўнг, жамиятда бўлаётган сиёсий ислоҳотларга ҳиссамни қўшиш мақсадида “Жиноятсиз турмуш тарзига эришиш тартиби” тўғрисида режа ишлаб чиқдим. Жорий йил март ойида Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарига вилоят умумтаълим мактабларида “Ўқувчи ва қонун” синфини ташкил этиш ва ўқувчиларда жиноятга қарши иммунитетини шакллантириш мақсадида профилактик тарбия дарс соатлари ташкил этиш ва ушбу дарс соатларини ўтиб беришим мумкинлиги ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилдим. Ушбу таклифим ижобий қабул қилинди. Келгусида “Ҳуқуқшунослар мактаби” ташкил қилиш ва бу мактабларга фидоий ҳуқуқшунос олимларимиз номларини беришни таклиф қиламан, - дейди суд ходими М.Маматбаева.

Нотиқ жиноят ишлари бўйича вилоят суди статистика маълумотларига таяниб мактаб ўқувчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар кўрсаткичи бўйича ўқувчиларга маълумот берди.

Мазкур синфга кирган ҳар бир ўқувчини онггида жамиятда юриш-туриш қоидалари, одоб-аҳлоқ меъзонлари, асосий қонунимиз Конституция ҳақида тушунча, юридик соҳада ҳалол меҳнат қилаётган ҳуқуқшунос устозлар портретларига чизгилар мавжудлиги ўқувчи онгида фақат ҳуқуқий онг ва ижобий дунёқарашни ҳосил қилади.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди