November 15, 2019

СОЛИҚ ТУШУМЛАРИ БЮДЖЕТГА

 Ўзбекистон Савдо-санаот палатаси Хоразм вилоят бошқармасида давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда иқтисодий судлар вакиллари, солиқ ва мажбурий ижро бюроси мутасаддилари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Учрашувда Хоразм вилоят иқтисодий суди раиси И.Тешаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида юклатилган тошириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоят иқтисодий ва маъмурий судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари ҳамда МИБ Хоразм вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда қўшма фармойиш ишлаб чиқилганлигини, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг бюджет олдида тўлов интизоми, уни бузиш оқибатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

Тадбирда Хоразм вилоят иқтисодий суди судьси М.Курбанов сўз олиб, солиқ тўловчилар томонидан солиқлар белгиланган муддатларда тўланишини, агарда муддатида тўланмаса ҳар бир солиқ қарздорлик бўйича пеня ҳисобланиши, кейинчалик солиқ органи томонидан ушбу қарздорликни мажбурий ундириш учун мол-мулкига қаратиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишни, судда кўриб чиқилганидан кейин мажбурий ундириш учун мол-мулкига қаратилиши ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда Хоразм вилоят Мажбурий ижро бюроси Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш бўлими катта инспектори Ш.Шотўраев, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи С.Худайберганов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзуга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Хоразм вилояти иқтисодий суди