СУД РАИСИ ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси Абдурахман Сафаев Наманган Давлат университети талабалари билан учрашиб, “Ёшларда сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари” мавзусида ҳуқуқий тадбир ўтказди.
Тадбирда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси А.Сафаев сайлов қонунчилигида ёшларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари мавзусига атрофлича тўхталди.
Демократик-ҳуқуқий давлатни ривожлантириш уни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит яратиш лозимлигини, мамлакатимизда бунинг учун барча шароитлар мавжудлиги, бунинг яққол амалдаги мисоли сифатида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинганлиги, ушбу кодекс шу вақтгача амалда бўлган сайлов тўғрисидаги 26 та қонун ҳужжатларини қамраб олганлигини айтиб ўтди.
-Кодекс 18 боб, 103 моддадан иборат, - деди суд раиси, - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқига бўлган ўз хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади ва сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлиги йиғилиш иштирокчиларига етказилди.
Маърузачи йиғилиш иштирокчилари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб берди.
Учрашув якунида талабаларга суд раиси томонидан 20 яқин турли мавзуларда чоп этилган китоблар топширилди.
Зафар Темиров, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди судья катта ёрдамчиси