МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАРГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ТАДБИР
Бухоро шаҳри “Asia Buxara” меҳмонхонасида “Маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Фридрих Эберт номидаги Фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Н.Резяпова, эксперт Герда Велинг ҳамда Бухоро вилоят маъмурий суди судлари судьялари ва ходимлари, шунингдек, прокуратура, адлия вакиллари, адвокатлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари М.Остонов сўз олиб, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Нотиқ ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги Фармони билан мамлакатимизда илк бор оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар ташкил этилганлиги айтиб ўтилди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда республикамизда 213 та маъмурий судлар ташкил қилинди, уларда 278 нафар судья иш олиб бормоқда.
Шундан сўнг, давра суҳбати иштирокчилари маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс нормаларини амалиётда қўллаш билан боғлиқ бўлган масалаларга, ҳамда маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида Ўзбекистон ва Германия амалиёти билан танишдилар.
Маълумки, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда Ўзбекистон ва Германиянинг бу борадаги ҳамкорлиги, ҳусусан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан Фридрих Эберт номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзаро ҳамкорлиги, жорий йилнинг апрел ойида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Фридрих Эберт номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум”нинг имзоланганлиги эътиборга молик воқеадир.
Фридрих Эберт номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Н.Резяпова ўз маърузасида янги кодексда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш тартиби, маъмурий суд ишларини юритишнинг асосий тамойиллари, ва бошқа процессуал тартиблари ҳақида батафсил гапириб ўтди.
Сўзга чиққанлар маъмурий судлар фаолияти, кодекс, ундаги ўзгаришлар, муаммолар юзасидан ўз таклифларини билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати