ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида тадбир бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Р.Тошбоев “Жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида маъруза қилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган.

Маърузачи сўзларига кўра, бугунги кунда Президентимиз томонидан қўйилган вазифани бажариш мақсадида Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг дастлабки лойиҳалари тайёрланди ва ишчи гуруҳ томонидан муҳокама қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, Жиноят процессуал кодексида ишни судга қадар юритиш ва суд қарорларини ижро қилиш босқичларида суд назорати институтини тўлиқ жорий қилиш, ишни судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини депозитлаш, тарафларнинг процессуал келишувга эришишини таъминлаш, жиноятдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплашнинг янги тартибини жорий қилиш, ишни судда кўриш босқичида дастлабки эшитув тартибини жорий қилиш институтларини жорий қилиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, маърузачи ишни судга қадар юритиш ва суд қарорларини ижро қилиш босқичларида суд назорати институтини тўлиқ жорий қилишнинг зарурияти ва аҳамияти тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Нотиқ юқорида қайд этилган таклифлар Германия, Франция, Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари жиноят-процессуал қонунчилигини ўрганиш натижасида тайёрланганлигини маълум қилди.

Ботир Ваҳобов,

Жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти суди ходими