October 18, 2019

ҲАРБИЙ ҚИСМДА УЧРАШУВ

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифаларидан бири сифатида, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш белгилаб берилган.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майдаги “Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилганидек содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш учун барча масъул эканлиги белгилаб берилган.

Юқоридаги Фармон ҳамда Қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда сайёр учрашув ташкил қилинди.

Мазкур учрашувда Ангрен шаҳар маъмурий суди раиси Э.Пирматов, Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди раиси в.в.б. И.Юсупов, Ангрен шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари М.Гаффаров, Кимёгар МФЙ раиси Г.Эсонова ва ҳарбий қисмнинг масъул рахбар ҳамда зобитлари иштирок этди.

Учрашув давомида судьялар томонидан Тошкент вилоятида содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларни олдини олиш борасида барча фуқаролар, шу жумладан ҳарбий хизматчилар ўта масъул бўлиши, оилада ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш лозимлиги ҳамда ёшларнинг қалбида ватанпарварлик руҳини шакллантиришда ҳарбий хизматчиларнинг ўрни юқори эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган учрашув қизғин фикр мулоҳазаларга бой ўтди, судьялар ҳарбий хизматчиларни қизиқтирган барча саволларга ҳуқуқий тушунтириш беришди.

Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди