September 18, 2019

САВОЛ-ЖАВОБ

❓САВОЛ: Жиноий жавобгарликка тортилган шахс реабилитация қилинганда (оқланганда) унга етказилган зиён қандай ундирилади?

❗️ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 991-моддасига кўра “Қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади” деб белгиланган.

Қуйидаги мулкий зиёнлар қопланиши лозим бўлади:

1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;

3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар. (Ўзбекистон Республикаси ЖПК 304-моддаси)

Шуни ёдда тутиш керакки, реабилитация этилган шахс мулкий зиённи қоплаш тўғрисидаги фақат реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган терговчи, суриштирувчи, прокурор ёки судга мурожаат қилиши лозим.

Реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи реабилитация этилган шахсдан ариза тушган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан зиён миқдорини аниқлайди, зарурат туғилганда бунинг учун молия органларидан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларидан ҳисоб-китоб талаб қилиб олади. Иш кассация ёки назорат тартибида кўриш чоғида суд томонидан тугатилган бўлса, зиён миқдорини ҳукм чиқарган суд аниқлайди. (Ўзбекистон Республикаси ЖПК 306-моддаси).

Мулкий зиённи қоплаш учун пул товони тўлашни реабилитация этилган шахс ёки ушбу ЎзР ЖПК 304-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар бундай тўловларни амалга ошириш ҳақидаги ажрим ёки қарорни олган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида талаб қилишлари мумкин. (Ўзбекистон Республикаси ЖПК 306-моддаси).

 

Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси катта консультанти Жураев Достон тайёрлади