САЙЛОВ - БУГУННИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАСИ
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича тегишли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмокда.
Натижада миллий сайлов тизими нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг муҳим воситасига, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси юксалишига ҳам хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 25 июнида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинганини давримизнинг ана шу долразб талаби билан изоҳлаш ўринлидир. Шу муносабат билан жойларда ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилаётгани айни муддао.
Жиззах вилоят маъмурий суди раиси А.Мамарахимов Жиззах шаҳар “Жиззахлик” маҳалласида фуқаролар билан бўлган учрашувда Сайлов кодексининг аҳамияти ва ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида маълумот берди.
- Сайлов кодекси 103-моддадан иборат,- деди суд раиси, - кодексда сайлов округлари ва участкалари, сайлов комиссияси, сайловчиларни рўйхатга олиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгилаб берилган.
Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга.
Сайловда кимлар сайланиш ҳуқуқига ҳамда сайлаш ҳуқуқига эга эмас?
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.
Нотиқ ўз сўзида, Президентимиз ташаббуси билан қабул килинган Сайлов кодекси аввало, Ватанимиз ва олийжаноб халкимизнинг орзу-умидларини руёбга чикаришга хизмат қилиши, Кодексда фуқароларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлиги, юртимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга сиёсий жараён-сайловларни юқори савияда ўтказишнинг қонуний асослари белгилаб берилгани ҳақида тушунтириш бериб, 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловни демократик талаблар асосида ўтишида ҳар бир фуқаро виждонан ёндошиши зарурлигини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари сайлов Кодекси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Жиззах вилояти маъмурий суди