ПЕНСИЯ АСОССИЗ ТЎЛАНСА...

 (Асоссиз тўланган пенсия учун пенсионер айбдор бўлсагина, тўланган пенсия суммаси пенсионердан қайтариб олиниши мумкин)

 Даъвогар Самарқанд вилоят ИИБ судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Р.Саломовдан 22.101.500 сўм ортиқча тўланган пенсия пулларини Навоий вилоят ИИБнинг ҳисоб рақамига ундиришни сўраган.

Туманлараро судининг 2017 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Р.Саломовдан даъвогарнинг фойдасига 22.100.500 сўм ортиқча тўланган тўловлар ундирилган.

Иш апелляция ёки касссация тартибида кўрилмаган.

Аниқланишича, жавобгар Р.Саломов Самарқанд вилоят ИИБ тизимида ишлаб келиб соғлиги туфайли Самарқанд вилоят Марказий ТЭМК томонидан унга 2006 йил 13 октябрда бир йил муддатга 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Шундан сўнг 2014 йилгача унга турли хил муддатлар билан 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб келинган. 2014 йилдан бошлаб 3-гуруҳ ногиронлиги белгиланган бўлса, 2015 йил 1 мартдан бошлаб соғлиги тикланганлиги сабабли ногиронлиги бекор қилиниб, пенсия тайинлаш тўхтатилган.

Самарқанд вилоят Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан Самарқанд вилоят 40-сонли Бош ТМЭК томонидан 2013-2014 йилларда фуқароларга бирламчи ва қайта ногиронлик гуруҳларини тўғри белгиланиши юзасидан текшириш ўтказилганда, 108 нафар фуқарога ички ишлар органларида хизмат даврини ўташда касалланган деб ногиронлик гуруҳлари нотўғри белгиланганлиги ва 1.463.850.700 сўм ногиронлик нафақалари ортиқча ва ноқонуний тўланганлиги аниқланган.

Ушбу холат жазосиз қолмаган, албатта. Самарқанд вилоят 40-сонли Бош ТМЭК мансабдор шахслари фуқароларга ноқонуний ногиронлик гуруҳи белгиланиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари учун жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2016 йил 18 майдаги ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган.

Даъвогар ўзининг даъво талабида юқорида қайд этилган текшириш давомида жавобгарга ҳам 22.101.500 сўм миқдорда ортиқча пенсия тўланганлиги аниқланганлигини асослаб, ушбу ортиқча тўланган пенсия суммасини жавобгардан ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларни давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 65-моддасини қўллаб даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида асоссиз хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларни давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 65-моддасига кўра, пенсиялардан чегирмалар:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади.

Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.

Пенсиядан чегирмалар қилиш миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади.

Биринчи инстанция суди томонидан жавобгарга пенсия ортиқча тўланганлиги ҳақида хулосага келинган бўлса-да, аслида жавобгарга тўланган пенсия ортиқча тўлов ҳисобланмасдан, балки ТМЭК хулосаси асосида белгиланган ногиронлик гуруҳи бўйича тўланган.

Гарчанд фуқароларга ноқонуний ногиронлик гуруҳи белгиланганлиги сабабли ТМЭК мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган бўлсалар-да, бунда пенсия тайинланган фуқаролар, шу жумладан, жавобгар Р.Саломовнинг айби бўлмаган ва у жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Аксинча, судга тақдим этилган Самарқанд вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг 2019 йил 20 сентябрдаги 671-сонли ва
25 сентябрдаги 685-сонли маълумотномаларида, жавобгар Р.Саломовни 2007 йил 11 майдан 24 июнгача, 2010 йил 22 сентябрдан 19 октябргача, 2011 йил 10 октябрдан 24 ноябргача, 2012 йил 15 ноябрдан 19 декабргача, 2014 йил
23 июндан 23 сентябргача, 2015 йил 8 январдан 26 февралгача Марказда сил касаллиги бўйича стационар даволанганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1026-моддасига кўра, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда, асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил
29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 44-сонли Қарорининг 26 ва 27-бандларида, жиноят содир қилинганлиги натижасида пенсиянинг ортиқча тўланиш ҳолатлари вужудга келганида ортиқча тўланган сумма давлатга етказилган зарар сифатида айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши лозимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига мувофиқ фуқаро томонидан виждонсизлик қилинмаганлиги ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганлиги аниқланса, унга берилган пенсиялар, нафақалар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтарилмаслиги судларга тушунтирилган.

Жавобгар Р.Саломов унга тайинланган пенсия бўйича айбдор бўлганлигини исботловчи далиллар бўлмаганлиги сабабли даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириш учун асослар мавжуд бўлмайди.

Шунга кўра, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг жорий йил 25 сентябрдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

  

Акмал Муродов,
Олий суд судьяси