September 18, 2019

ЙЎЛЛАРДА ҲУШЁРЛИКНИ ОШИРАЙЛИК!

 Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди томонидан “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини биносида йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноят иши очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Иш ҳолатларига кўра, судланувчи Акбар Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) шу йил 27 июль куни тахминан соат 21:45 ларда бошқарувидаги “ГАЗ-53” русумли юк автомашинасини Янгиер шаҳар, Обод юрт МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 автойўлининг 144 км.да пиёдалар қатнов қисмида ҳаракатланиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг талабларини қўпол равишда бузиб, пиёдалар ўтиш йўлагига яқин жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдалар Адиба Давлатова ва унинг 6 яшар қизи Баҳорани автомашинасининг чап олд қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Натижада онага “оғир шикаст” тан жароҳати етказилган, унинг қизи Баҳора ҳодиса жойида вафот этган.

Суд мажлиси жараёнида, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришди.

Гарчи, судланувчи А.Алиевга нисбатан иш бўйича қонунда белгиланган жазо чораси тайинланган бўлсада, бундай ҳодисалар доимий содир бўлаётганлиги ҳамда маънавий жиҳатдан инсонларга ўнглаб бўлмас даражадаги зарарни юзма-юз қилаётганлиги кишини ранжитади.

Кунига автомобил ғилдираклари остида кўз юмаётган бегуноҳ инсонлар орасида кимнингдир отаси, кимнингдир онаси, жондан азиз фарзандлари борлигини тасаввур қиладиган бўлсак, бу ҳодисанинг аянчли кўриниши яққол намоён бўлади.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида келиб чиқаётган моддий зарар, маънавий йўқотишлар ва бу ҳодисаларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига солаётган хавфини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Келинглар, азиз юртдошлар, автомашина бошқаришда белгиланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га риоя қилиб, ўзимиз ва ўзгаларнинг ҳаётига бефарқ бўлмайлик !

 

Ж.Ҳайдаров, жиноят ишлари бўйича  Янгиер шаҳар судининг раиси