КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини аҳоли эътиборига етказиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан жойларда кенг қамровли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Камолов томонидан Навоий Давлат педагогика институтида ҳудуднинг маҳалла раиси ва фаоллари, профилактика инспектори, шунингдек ўқитувчи-мураббийлар ҳамда талабалар иштирокида учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, раис ўринбосари Ш.Камолов томонидан юқоридаги Фармоннинг мазмун моҳияти, шунингдек, ҳозирги вақтда мансабдор шахслар томонидан, қолаверса таълим муассасалари раҳбар ва ходимлари томонидан содир этилаётган порахўрлик жинояти борасида кенг қамровли маъруза қилинди.

Бундан ташқари, учрашув давомида, ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг оқибатлари ҳамда олдини олишда фуқароларнинг ўрни ва роли тўғрисида тушунчалар бериб ўтилди.

Учрашув якунида маърузачи учрашув иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоблар бераркан коррупцияга қарши курашда ҳар бир инсон, ёшу қари бирдек масъул эканлигини уқтириб ўтди.

 

Учқун Самандаров,

Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди катта мутахассиси