БУХОРОДА 12 НАФАР МАҲКУМНИНГ ЖАЗОНИ ЎТАШ ШАРТЛАРИ ЕНГИЛЛАШТИРИЛДИ
Бухорода 12 нафар маҳкумнинг жазони ўташ шартлари енгиллаштирилди ва улар оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси Зариф Шеров маълум қилди.
Хабарга кўра, жорий йилнинг 7 декабрида Бухоро вилоят ИИБ Жазони ижро этиш бўлими 1-сонли жазони ижро этиш колониясида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган.
Сайёр судда 12 нафар маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш муассасаси томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилган ва умумий тартибли колонияда жазони ўтаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодекси 113-моддасига асосан, манзил-колонияга ўтказилган.
Суд ажрими билан12 нафар маҳкумнинг содир этган жинояти учун тайинланган жазо муддатининг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнглидан пушаймонлиги инобатга олинган.
Қайд этиш жоизки, манзил-колонияларда маҳкумларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар мавжуд. Улар соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар. Колония ҳудудида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланиладилар, шунингдек, маъмурият рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз ва фуқаролар кийимида юришлари мумкин. Бундан ташқари, чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари ҳам мумкин.
Судда раислиқ қилувчи маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, манзил-колонияларда жазони ўташ тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш лозимлиги ҳақида тушунча берди.
"Buxoro yoshlari" газетаси