September 24, 2019

КОЛЛЕЖ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Самарқанд вилояти Пайариқ хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида судьялар ва ўқувчилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Пайариқ туманлараро иқтисодий суди раиси У.Эшқобилов мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга этибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги Фармони билан 1 июндан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда республика бўйича 71 та туманлараро (туман) иқтисодий судлари ташкил этилди. Бу эса авваламбор, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, моддий харажат ва ортиқча вақт сарфланишини олдини олиш ва судьялар штат бирлиги кўпайиши эса эндиликда хизмат вазифалари оқилона тақсимлашга, одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини янада оширишга олиб келганлигини таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда Пайариқ туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.Жураев Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини, у хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги, қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлигини айтиб ўтди.

Учрашувда ўқувчилар суд соҳасига бўлган қизиқишларини баён қилиб, ўзларни қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Достон Маматазимов,

Самарқанд вилоят иқтисодий суди иш юритувчиси