December 13, 2019

ОИЛА ҚЎРҒОНИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

 Фарғона вилояти Ёзёвон тумани 1-сонли умумий ўртатаълим мактабида “Оила қўрғони мустаҳкам бўлсин” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси, Ёзёвон тумани адлия бўлими раҳбари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси, туманнинг бош отинойиси, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутахассислари ва фаоллари иштирок этишди.

Тадбир давомида оила – муқаддас эканлиги, қутлуғ хонадонимиз тинчлигини таъминлашга, шаъни – шавкатини сақлашга ҳар бир шахс масъул эканлигига алоҳида урғу берилди.

Сўзга чиққанлар асрлар давомида ақл-заковати, юксак маънавияти, инсоний қадриятлари билан бошқаларга ибрат ва наъмуна бўлиб келган халқимиз орасида оилавий муносабатларда ажралишларнинг келиб чиқиш сабабларига тўхтатлиб ўтишди.

Судларда кўрилаётган оилавий ажримлар билан боғлиқ холатлар муҳокама қилинди.

Жумладан, Фарғона вилоят судларида ўтган давр мобайнида никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 3 минг 653 та ишнинг 1,5 фоизи ўртада фарзанд йўқлиги, 1,8 фоизи доимий спиртли ичимлик истеъмол қилиши, 3,3 фоиз тарафлардан бирининг ишлаш учун Республикадан четга чиқиб кетгани, 7,5 фоиз ота-она ёки бошқа шахсларнинг аралашуви, 20,2 фоиз тарафлардан бири ёки ҳар иккала томон бошқа оила қуриб олгани, 0,1 фоиз узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани, 10,1 фоиз узоқ вақтдан буён бирга яшамасликлари, 33,7 фоиз характери тўғри келмаганлиги ва 21,2 фоиз бошқа сабабларга кўра никоҳдан ажратиш холати қайд этилгани йиғилиш иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Маълумки, фуқаролик низоларининг келиб чиқиш асоси бу никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларга бориб тақалади. Шу сабабли судьялар томонидан жойларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар давомида аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳуқуқбузарлик ва фуқаролик низоларини келиб чиқишини олдини олиш, ёшларни ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялашда барча масъулиятни бирдек ошириши зарурлигини таъкидлаб келмоқдалар.

Жорий йилда Фарғона вилоятида судлар томонидан оилаларни сақлаб қолиш мақсадида ўтказилган тадбирлар натижасида 120 га яқин оилаларни яраштиришга эришилгани, албатта, қувончли ҳолдир.

Чунки, биргина никоҳдан ажралиш ҳақидаги даъвони ижобий ҳал қилиниши натижасида алимент (ёки моддий таъминот) ундириш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш, болани олиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, уйга киритиш, мулк бўлиш каби 15 турга яқин низоларнинг келиб чиқишини олдини олган бўламиз.

 

Шерзод Тошмирзаев, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси