КАСБГА ХИЁНАТ ЖАБРЛАНУВЧИНИНГ ҚАЛБИДА БИР УМРЛИК ТУЗАЛМАС ЖАРОҲАТ ҚОЛДИРДИ
Ургутда шифокор Гиппократ қасамёдини бузди. Касбига нисбатан бепарво ва масъулиятсизлиги туфайли у туғуруқ мажмуасига келтирилган ҳомиладор аёлни тиббий текширувлардан ўз вақтида ўтказмади, аниқ ташхис қўйишга шошилмади, керакли жарроҳлик амалиётини амалга оширмади.
Ажал билан олишаётган онага эса, анча кеч — фақат сўнгги дақиқаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Шу тариқа унинг ҳаёти сақлаб қолинган, аммо митти чақалоқ ҳали дунё юзини кўрмай умри завол топди.
Бу фожеа ҳақида батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, ўша кун Нодира (исм-фамилиялар ўзгартирилди) белида кучли оғриқ тургач, бу ҳақида қайнонасига айтади. Ўғилой опа оғироёқ хотиннинг дарди кўз оғриқдай гап, кутилмаганда бошланади, деган фикрни кўнглидан кечиради ва дарҳол "Тез тиббий ёрдам"га қўнғироқ қилади. Бу пайтда соат миллари кеч тўққизни кўрсатаётганди. "Тез тиббий ёрдам" етиб келгач, навбатчи шифокор аёлнинг қон босимини ўлчаб, аҳвол яхши эканлигини айтади ва уни туғуруқ мажмуасига олиб кетишади.
Шифохонанинг қабул бўлимида навбатчи шифокор ҳам янги меҳмон кутаётган Нодирани обдон тиббий кўрикдан ўтказади. Сўнгра икки санитар ходимга аёлни иккинчи қаватга — туғуруқ залига олиб чиқишни буюради.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан тасдиқланган навбатчилик рўйхатига кўра, ўша куни биринчи навбатчи врач сифатида туғуруқ мажмуаси акушер-гинекологи Шукур Низомов ишлаётган эди.
Ш.Низомов вазифаси моҳиятига кўра, биринчи галда, беморларга тўғри ва аниқ ташхис қўйиши, уларнинг шу асосда даволанишини таъминлаши керак. Ўзи қўйган ташхиснинг салбий жиҳатлари бўйича масъулиятни ўз зиммасига олиши, ҳамширалар билан бирга беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, ҳолатни беморнинг касаллик тарихига ёзиб бориши шарт эди.
Бундан ташқари Ш.Назаровнинг зиммасида шифохона раҳбарияти иштирокида касаллик тарихини муҳокама қилиш, беморларнинг парвариши ва муолажаси бўйича ҳамшираларнинг ишини назорат қилиш, улардан муолажа пайтида юз берган асоратлар тўғрисида ахборот талаб қилиш ҳамда олган маълумотлар бўйича барча зарурий чора-тадбирларни кўриш мажбурияти ҳам бор. Шунингдек, Ш.Низомовга навбатчилик давомида ҳамда беморларнинг биринчи талаби бўйича ёрдамга тайёр туриш, беморнинг соғлиғи ёмонлашганда, унга зудлик билан ёрдам кўрсатиш, зарур ҳолларда бошқа тиббий мутахассисларни чақириш мажбурияти юклатилган. Бир сўз билан айтганда, у ўзининг айби билан беморнинг соғлиғи ёмонлашган ҳолларда амалдаги қонунчилик бўйича тўлиқ жавобгар эканлиги тўғрисида шифохона маъмурияти томонидан огоҳлантирилган.
Энди юқоридаги воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, Нодирани туғуруқ залига чиқаришгач, худди кутиб турганидек, аёлда оғриқ баттар кучаяди. Соат йигирма уч-у қирқларда туғуруқ дояси уни текшириб кўради-да, ўз билими ва тажрибаси асосида маслаҳат беради. Аммо Нодиранинг аҳволи енгил тортмагач, доя Н.Эшмаматова ҳамшира Муаззам опани ёрдамга чақиради. Муаззам опа Нодиранинг ёнига келиб, қорнининг юқори қисмидан пастга қарата қўли билан итаради. Бундан ҳам бирон-бир натижа бўлмайди. Шундан сўнг улар оғриқнинг зўридан қора тер босиб кетган аёлга юриб кўришни тавсия қилишади.
Юра бошлагач, Нодиранинг аҳвол яхши томонга ўнгланиш ўрнига ошқозонида қаттиқ оғриқ қўзғалади. Устига-устак, унинг юраги сиқилиб, безовталиги кучаяди. Эгилиб, эмаклаб қолган келинининг аҳволини кўрган Ўғилой опа чидаёлмайди. Доя Н.Эшмаматовадан тезда врачни чақириб келишни сўрайди.
Шукур Низомов беморни текшириб, ошқозондаги оғриқ туғуруқ билан боғлиқлиги, туғуруқдан кейин ўтиб кетишини айтади. Дард келмагани учун Нодира қанчалик ҳаракат қилмасин, енгиллашолмайди. Соат уч-у ўттизларда туғуруқ дояси учинчи навбатчи шифокор, акушер-гинеколог Дилфуза Фозиловани чақиришига тўғри келади. Афсуски, Д.Фозилова келгандан сўнг ҳам икки дунё орасида омонат турган аёл табиий йўл билан фарзандини дунёга келтиролмайди.
Беморни қабул қилиб, жавобгарлик зиммасида турган Шукур Низомов эса, туғуруқ залида эрталаб соат бешларда пайдо бўлади. У азоб чекаётган аёлнинг аҳволини кўриб, "Ҳаракат қил, болангни қийнаяпсан" дейди, холос. Беморнинг аҳволи эса, тобора оғирлашаётганди. Шундан сўнг УЗИ шифокорини чақиришга мажбур бўлишади. Мутахассис шифокор она қорнидан ёруғ дунёга интилаётган митти организмнинг юрак уриши жуда суст эканини айтади...
Судда иш мазмунан кўриш жараёнида жабрланувчи, гувоҳлар ҳамда экспертиза бюроси мутахассисларининг кўрсатмалари эшитилди, экспертиза хулосалари чуқур ўрганилди.
Гувоҳ, акушер-гинеколог Д.Фозилованинг судда кўрсатма беришича, шифокор Ш.Низомов соат олтию йигирмаларда унга қўнғироқ қилган ва Н.Носировани операция қилиш лозимлигини айтган. Кесар-кесиш жарроҳлик амалиёти амалга оширилган. Аммо чақалоқда антинотал ўлим кузатилган.
Судда сўралган гувоҳ Ш.Назарқулованинг кўрсатмасига қараганда, у туғуруқ мажмуаси неонтолог врачи сифатида Кесар-кесиш операциясида иштирок этган. Операциядан олдин шахсан ўзи "Стетоскоп" аппарати ёрдамида текширганда нажот кутаётган митти инсоннинг юрак уриши эшитилмаган.
Самарқанд вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг Ј-37-сонли комиссиявий экспертиза хулосасида туман туғуруқ мажмуаси акушер-гинекологи Ш.Низомов томонидан Н.Носировага амалдаги миллий стандартга мос равишда текширувлар тўлиқ ҳажмда, ўз вақтида ўтказилмагани, аниқ ташхис қўйилмагани чақалоқнинг вафот этишига сабаб бўлгани қайд этилган.
Судда вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси "Қайта, комиссион ва комплекс экспертизалар" бўлими мудири лавозимида ишловчи гувоҳ Э.Абдумуталовнинг ҳам кўрсатмаси эшитилди. Унинг айтишича, Н.Носировага тўғри ташхис қўйилмаган, зарур тиббий текширувлар тўлиқ ўтказилмаган, лаборатория ва УТТ текширувлари вақтида бажарилмаган, терапевт кўриги ўтказилмаган.
"Меъёрида жойлашган йўлдошнинг қисман ўткир кўчиши" ташхиси эрталаб соат олтию йигирмада қўйилган. Шу заҳотиёқ шошилинч равишда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлса-да, лекин бу амалиёт орадан қирқ дақиқа ўтиб, бажарилган. Чақалоққа шошилинч реанимацион ёрдам кўрсатилмаган. Оқибатда...
Судда жабрланувчи Н.Носирова ўз касбини суиистеъмол қилган врачнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги юрагида бир умрлик тузалмас жароҳат қолдирганини куйиниб гапирди. У бир нафар қизи борлиги, туғилажак фарзанди эса, кутганидек ўғил бўлгани, энди — жарроҳлик амалиётидан сўнг фарзанд кўролмаслигини айтиб, айбдор Ш.Низомовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлашни сўради.
Суд судланувчи Ш.Низомовни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, уч йил тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог шифокор вазифасида, шунингдек, мансабдор, моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ш.Низомовга нисбатан қўлланилган "муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат" эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди.
Энди мавзу доирасида икки оғиз фикр юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Оз эмас, соҳада ўттиз тўрт йиллик иш тажрибасига эга, оилали, беш фарзанднинг отаси Шукур Низомов ўз вазифасига лоқайдлиги, касбига инсофсизларча муносабати туфайли олтмиш ёшда темир панжара ортига равона бўлди.
Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Пайт келиб, у бу жазони ўтаб, қамоқдан чиқади, бироқ бир умр тарк этмайдиган виждон азобига қандай чидаркин?!
Мамлакатимизда кейинги йилларда Президентимизнинг ташаббуси, таклифи ва саъй-ҳаракатлари билан тиббиёт соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир элликдан ортиқ Фармон, қарор ва фармойишлари, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айниқса, Президентимиз Фармони билан "2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси" тасдиқланди. Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига кўра, 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси, шунингдек, 2019 — 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқланди.
Жорий йилнинг 11 мартидан эътиборан "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги қонун амалга киритилди. Мазкур қонунда боланинг асоратларсиз, нуқсонларсиз туғилишини таъминлайдиган, ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврдаги тадбирлар, муолажалар ҳамда хизматлар назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, соҳа қонунчилигининг бу тарзда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланаётгани, ислоҳот барқарорлиги таъминланаётгани аҳолига талаб даражасида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш, инсоннинг ҳеч нарса билан тенглаб бўлмайдиган сиҳат-саломатлигини муносиб даражада муҳофаза қилишга қаратилган.
Шу ўринда масаланинг иккинчи жиҳатига эътибор қаратсак, мамлакатимизда ишловчи пенсионерларга пенсия ва ойлик тўловлари тўлиқ тўланиши биринчи галда шифокорлардан бошланган эди. Бу — юқори малакали врачларга бўлган эътибор ҳамда уларнинг муқаддас ва шарафли хизматига нисбатан рағбат, албатта. Тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари қисқа муддат ичида кетма-кет оширилганлигини, айниқса, уларнинг ўзлари яхши билишади. Фаолият давомида ҳамкасбларига ўрнак кўрсатган врачларга тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар белгиланмоқда.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига берилаётган бундай эътибор ҳар бир шифокорнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши, касалликни ўз вақтида тўғри аниқлаб, беморларга малакали хизмат кўрсатишни, одамларни ўз хизматидан рози қилишни талаб этади.
Жаҳонгир АРСЛАНОВ, жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судининг раиси
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, "Куч — адолатда" мухбири