ЭР-ХОТИН АЖРАШИШИГА НИМА САБАБ БЎЛМОҚДА?
Тошкент туманида жорий йилнинг 6 ойида 110 га яқин эр-хотин ажрашган.
Бунинг асосий сабаби нимада? Ажрашишларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Тошкент вилояти бошқармаси Тошкент туманида ўтказган тадбирда шу ва бошқа саволларга жавоб изланди, муаммонинг ечими муҳокама қилинди.
Президентимизнинг жорий йил 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажрашишларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда ички ишлар, адлия, ФҲДЁ, хотин-қизлар қўмитаси масъуллари, депутатлар, яраштириш комиссиялари аъзолари, маҳалла мутахассислари иштирок этди.
– Аслида, битта ажрашиш ҳам кўп, – деди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Д.Маҳаммадалиева. – Негаки, мана шу биргина ажрашиш сабаб бир муқаддас қўрғон дарз кетади. Не-не умид ва орзулар билан боғланган диллар изтироб, алам, бахтсизлик уммонига ғарқ бўлади. Аксарият ҳолларда ўртада бегуноҳ, беғубор болалар “тирик етим”га айланади. Қуда-андали икки томон юз кўрмас бўлади. Хуллас, охири ва адоғи йўқ кўнгилсиз оқибатларга олиб келади.
Қайд этилганидек, вилоятда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, эр-хотин ажрашишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар бир муаммоли оила билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам тиббий кўрик, бандлигини таъминлаш бўйича эса меҳнат ярмаркалари ўтказилаётгани ижобий натижа бермоқда.
Тадбир доирасида тумандаги 64 эр-хотиннинг ажрашиш сабабини ўрганишга доир ижтимоий сўровнома ўтказилди. Таҳлил натижаларига кўра, респондентлар оила бузилишига эр-хотин, қайнона ёки қайнота ва келин келишмовчилик, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабабли фарзандлар ногиронлиги, хиёнат, гиёҳвандлик, руҳий хасталик, ногиронлик, фарзандсизлик, ишсизлик, уй-жой масаласи ва моддий етишмовчилик сабаб бўлганини кўрсатган.
Шу билан бир қаторда спиртли ичимликка ружу қўйиш, оилага учинчи шахс аралашуви ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ оқибатлар ҳам ажрашишларга сабаб қилиб кўрсатилган.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, сўровномада иштирок этган 21 респондент қайта турмуш қурган, 43 нафари эса ҳаётини тўла изга сола олмаган. Оқибатда ушбу оилаларнинг 48 нафар фарзанди “тирик етим” бўлиб қолмоқда.
Тадбирда ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни ўз вақтида соғлом турмуш тарзи ва касб-ҳунарга йўналтириш, оила бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Тумандаги ажрашиш қайд этилмаган 20 маҳалла фуқаролар йиғини мутахассисларига ташаккурнома берилди. “Фарзанд омонат” мавзусида видеоролик намойиш этилди.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА