БЕКОБОДДА САЙЁР УЧРАШУВ
Бекобод шаҳар тиббиёт коллежида Тошкент вилояти судлари раисларининг шаҳар аҳолиси билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раиси Д.Таджибаев, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Исмоилов вилоят маъмурий суди раиси М.Абабакировлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида “Фарзанд” ва “Меҳрибонлик уйидагилар” номли қисқа метражли видео-фильмлар намойиш этилди.
Учрашув жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мавзусига бағишланди.
Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳуқуқий саводхонликни оширишда энг аввало нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳаётий мисоллар воситасида атрофлича тушунтириб берилди.
Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, энг асосийси, фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида ўтган йиллар мобайнида эришилган натижалар ҳақида сўз борди.
Учрашувдан сўнг сайёр қабул ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатларига атрофлича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ботиржон Ваҳобов,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судья катта ёрдамчиси