ТАДБИРКОРЛАР МУАММОЛАРИ ТИНГЛАНДИ
Жиззах вилояти Мирзачўл туманида тумандаги жиноят ва маъмурий, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий судлари раислари томонидан тадбиркорлар билан давра суҳбати ва сайёр қабул ташкил этилиб, тадбиркорлар муаммолари тингланди.
Давра суҳбатида сўз олганлар тадбиркорлик - жамият равнақи, аҳоли фаровонлигининг муҳим омили, иқтисодиётни барқарорлаштиришнинг воситаси эканлиги, шу боис мамлакатимизда тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, тадбиркорлар ўз бизнесига инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши ва тасарруф этиши лозимлиги, шунингдек, ҳар қандай турдаги тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги ҳар қандай тўсиқларни бартараф этиш, давлат назорат органларининг корхоналар фаолиятига ноқонуний аралашувига тўла барҳам бериш мамлакатимиз тараққиётининг муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларини ривожлантиришда юксак технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши сабабли чет эл инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ва шу каби бошқа имтиёзлар ҳақида туманнинг ўттиздан ортиқ тадбиркорларига тушунчалар берилди.
О.Эргашев, Дўстлик туманлараро иқтисодий суди раиси