October 22, 2019

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ

 Судлар томонидан жиноят ишларининг мазмунан кўриб чиқишда, айрим жиноят иши бўйича якуний хулосага келиш ўта қийин бўлган тоифадаги ишлар мавжуд бўлиб, бу шубҳасиз вояга етмаганларга нисбатан ишларнинг кўриб чиқилиши ҳисобланади.Чунки, бир томондан жиноят қурбони бўлишган жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш, келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш масаласи турса, бошқа томондан эртанги кунимизнинг келажаги ҳисобланган вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлаш, уларни ахлоқан тузалиши ва келгусида ушбу тоифадаги ғайриқонуний ҳаракатларни содир этмаслигини таъминлаш масаласи туради.

Сўнгги йилларда вояга етмаган шахслар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг аксарияти ўғрилик, талончилик ва безориликни ташкил этмоқда. Мазкур тоифадаги жиноий қилмишлар ҳам бевосита вояга етмаган шахснинг улғайиш жараёнидаги айрим хусусиятларнинг шаклланиши билан боғлиқ. Биринчидан, вояга етмаган шахсларнинг айни камол топиш жараёнида ўзининг кучига ишониш ва бошқаларга нисбатан жисмоний жиҳатдан устунлигини намойиш этишга бўлган қизиқишлари.

Натижада, вояга етмаган шахс бир умрлик пушаймонлик ҳисси билан яшаб ўтишига олиб келади. Бундай ҳолатда, ўзининг жисмоний жиҳатдан мавжуд имкониятларини тўғри сарфлаш, масалан спорт ёки касбларнинг бевосита шахснинг жисмоний жиҳатдан имкониятлари ҳам ҳисобга олинадиган турлари (ҳарбийлар, ички ишлар, миллий гвардия ва бошқалар)ни танлашга йўналтириш айни камолотга етиш жараёнидаги вояга етмаганларнинг асосий мақсадига айлантириш жиноятчиликни олдини олишда ўта муҳим масала ҳисобланади.Иккинчидан, вояга етмаганларнинг осон пул топишга қизиқиши.

Натижада, шахс иқтисодиёт асосларига қарши қаратилган ўғрилик, талончилик каби жиноий қилмишларни содир этилишига олиб келмоқда.Мазкур жиноятларни келиб чиқишига сабабчи бўлган асосий омилларлардан бири, вояга етмаган шахсларни тарбиясига эътибор ота-оналари ва маҳалла эътиборидан четда қолганлиги сабабли, жиноятга билиб-билмай қўл урганликларидир.Шу сабабли, биз суд идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳалла фуқаролар йиғини ва таълим муаасасаларининг асосий вазифаси ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятларни содир этилишининг олдини олишда, профилактика инспекторлари, яшаш жойлари бўйича вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияларини роли муҳим аҳамият касб этади.Вояга етмаганларнинг ишларини судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, бу вояга етмаганларнинг ишларини ёпиқ суд мажлисида кўриш, вояга етмаган судланувчини суд мажлиси залидан чиқариб туриш, вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссияга ишнинг кўрилиши тўғрисида хабар бериш, вояга етмаган судланувчига нисбатан ҳукм чиқаришда суд томонидан ҳал этиладиган масалалар, вояга етмаган судланувчини жавобгарликдан ёки жазодан мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда озод этишдир.

Суд муҳокамаси одил судлов органлари фаолиятининг асосий шаклидир. Вояга етмаганлар ишлари бўйича иш юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари мумкин қадар одил судловнинг умумий вазифаларига, жиноят процесси мақсадларига мувофиқ келиши ва шу турдаги жиноят ишларини кўриб чиқиш хусусиятини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етмаганларнинг жиноят ишларини судда муҳокама қилиш тўртта ўзаро боғлиқ муаммони комплекс ўрганишни назарда тутади:

- Жиноят сабаблари;

- Жиноий ҳулқ-атворнинг шаклланиш жараѐни;

- Индивидуал ҳулқ-атвор механизми;

- Мажбурлов ва огоҳлантирув чораларининг таъсир самараси.

Маълумки, вояга етмаганлар ишлари бўйича иш юритишда умумий талаб жиноят сабаблари ва уни содир этишга имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш мажбурияти ҳисобланади.Шу мақсадда суд мажлисида иштирок этиш учун ўсмирнинг турмуш ва тарбия шароитларини яхши билган шахсларни жалб этиш лозим. Улар орасида, албатта, ўқув-тарбия муассасалари, жамоат ташкилотлари, васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари бўлиши лозим.

 

А.Эргашев,

Жиноят ишлари бўйича  Сирдарё вилоят суди судьяси