January 21, 2020

ЁШЛАР КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

 Мамлакатимизда жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу йўналишда судлар томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ва жиноятчиликка қарши курашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ички ишлар идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда бошқа жамоатчилик ташкилотларининг ёшлар билан олиб бораётган ишлари қониқарсизлиги, ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келиши танқид остига олинган эди.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан тизимли равишда профилактик характерга эга тадбирлар ўтказилиб, ҳар чорак якуни бўйича вояга етмаганлар ва ёшларга нисбатан кўрилган жиноят ишлари умумлаштирилиб, мазкур умумлаштиришлар прокуратура, Ёшлар иттифоқи, Васийлик ва ҳомийлик органлари ходимлари иштирокида жойларда ёшлар ўртасида муҳокама қилиниб келинмоқда.

Хусуспн, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьялари, туман прокуратураси, Ёшлар иттифоқи ва ОАВ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент Геодезия ва картография касб-ҳунар коллежида ўқувчилар иштирокида “Ёшлар жиноятчиликка қарши” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар таҳлили, жиноятларни келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш ҳамда ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилди.

Учрашувда коллеж талабаларига 2019 йил давомида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилган жиноятлар Тошкент шаҳри туманлари ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги ўқув муассаасалари кесимида таҳлил қилиниб, тумандаги ўқув муассасаларида содир этилган ҳар бир жиноят ва унга суд томонидан тайинланган жазолар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир давомида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан коллеж ўқувчиларига ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган флаер ва буклетлар тарқатилди.

Фарруҳ Тўрахўжаев,

Жиноят ишлари бўйича М.Улуғбек тумани суди судьяси