December 13, 2019

ОЛИЙ СУД ТОМОНИДАН ЎТКАЗИЛАЁТГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАРДАН ФУҚАРОЛАР МАМНУН БЎЛМОҚДА

 Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларни ўрганиш, соҳага оид мурожаатларни ҳал этиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари И.Муслимов томонидан жорий йил 11 ва 12 декабрь кунлари Самарқанд вилоятида сайёр қабул ўтказилди.

Бўлиб ўтган сайёр қабулда жами 335 нафар фуқаро қабул қилинди. Қабулда 292 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилди. 43 нафар фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди.

Судьялар томонидан 108 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 227 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди.

Сайёр қабулда 41 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиб олинди. Жиноят ва маъмурий ишлар бўйича биринчи босқичда кўрилаётган 2 та иш юзасидан келиб тушган аризалар қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ, Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон тумани, Тайлоқ, Жомбой, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туман судлари томонидан 65 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Шунингдек, Оқдарё, Ургут, Жомбой, Булунғур, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани маъмурий судлари томонидан 104 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилиб, ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф этилгани учун мазкур ишлар тугатилди.

Сайёр қабул доирасида ўтказилган сайёр суд мажлисларида 24 нафар шахс тайинланган жазодан шартли озод қилинди, 26 нафар шахс жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан 1 нафар, Самарқанд шаҳар суди томонидан 2 нафар, Каттақўрғон туман суди томонидан 1 нафар, Ургут туман суди томонидан 2 нафар ва Қўшработ туман суди томонидан 3 нафар - жами 9 нафар шахсга нисбатан 9 та жиноят иши кўрилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Қабулдан сўнг жиноят ишлари бўйича муаммолари ҳал бўлган 82 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати