САВОЛ - ЖАВОБ
Савол: Алимент миқдори белгилашда қайси жиҳатлар инобатга олинади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Алимент миқдори мазкур қонун талабига риоя қилинган ҳолда, тарафлар ўртасидаги вояга етмаган болалар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Қонун талаби бўйича алимент миқдори алимент тўловчи шахснинг моддий ёки оилавий аҳволини инобатга олган камайтирилиши мумкин ҳисобланади. Мисол учун айтадиган бўлсак, алимент тўловчи шахс 2 гуруҳ ногирони бўлиб, 1.200.000 сўм миқдорда нафақа олади. Унинг бир нафар фарзанди бўлиб, боласининг таъминоти учун пенсиясининг ¼ қисми, яъни 300.000 сўм миқдорида алимент тўлаши керак. Лекин унинг ўзини даволаниб юриши учун ойлик харажатлари оладиган пенсияси миқдоридан ортиқ суммани ташкил қилади. Шунда суд алимент миқдорини камайтириши мумкин бўлади. Лекин шунда ҳам алимент миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги лозим бўлади.