ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ - ТЕРГОВ ВА СУД ОРГАНЛАРИ ЗИММАСИДАГИ МУҲИМ ВАЗИФА
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Мазкур амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тергов органлари ходимларига етказиш ҳамда амалиётла юзага келаётган муаммолар ечимларини муҳокама қилиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман прокуратураси ташаббуси билан туман ИИО ФМБ ва жиноят ишлари бўйича туман суди билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси - тергов ва суд органлари зиммасидаги муҳим вазифа” мавзусида идоралараро йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда туман прокурорининг ўринбосарлари М.Шукуруллаева ва Х.Насиров, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси вазифасини бажарувчи Ф.Тураходжаев, туман ИИО ФМБ ўринбосари Қ.Рахимбердиев ҳамда терговчилар, прокуратура ва суд ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиётини мунтазам таҳлил қилиб боришга, айбсизлик презумпциясига амал қилишга, жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга, қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди