БМТ МАХСУС МАЪРУЗАЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув бўлиб ўтди.
Судьялар олий кенгаши раиси У. Мингбоев ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори Ҳ-М. Исоқов мартабали меҳмонни ташрифи билан қутлар экан, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги тизимли амалий ишлар ҳақида батафсил маълумот беришди.
– Собиқ иттифоқ даврида суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Сабаби, у даврда давлат ва жамият бошқаруви фақат коммунистик партия қўлида эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин суд ҳокимияти том маънодаги мустақил тизимга айланди, - дейди Судьялар олий кенгаши раиси У. Мингбоев.
Биргина, кейинги икки-уч йил мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг мутлақо янги даври бошланди. Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг давлат ваколатларига эга бўлган органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Одил судлов сифатини ошириш мақсадида судьялик лавозимини эгаллаш учун энг кичик ёш 30 ёшдан 35 ёшга ўзгартирилди. Судьялик лавозимига биринчи марта беш йиллик муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига тайинланиш ёки сайланиш амалиёти жорий этилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори билан Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган мазкур давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида иш юритиш, танқидий таҳлил, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услублари таълим жараёнига татбиқ этилди.
Олий мактабда “судьяни судья ўқитади” принципи асосида олиб бориладиган дарс жараёнларига касбий маҳорати юксак, кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган судьялар жалб этилган, - дейди Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори Ҳ-М. Исоқов.
Учрашувда меҳмон Судьялар олий кенгаши фаолияти бўйича ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия-Саян қабул учун миннатдорлик билдириб, Судьялар олий мактабининг ташкил этилганини юксак баҳолади. Ушбу таълим муассасаси профессионал судьяларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишига умид билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши