СОЛИҚ ҚАРЗИНИ УНДИРУВГА ОИД ЎҚУВ СЕМИНАР
Сирдарё вилоят иқтисодий судида вилоят ва туманлараро иқтисодий суди судьялари, суд мутахассислари ва солиқ инспекцияси вакиллари иштирокида ўқув семинар ташкил этилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти иқтисодий суди раиси А.Худойбердиев иқтисодий судларга ахборот тизими орқали солиқ қарзи ундирувини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича даъво ариза (ариза)лар ва илтимосномаларни электрон шаклда юбориш ҳамда мазкур тоифадаги иқтисодий ишларни электрон кўринишда шакллантириш тартиби тўғрисида маъруза қилди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 августдаги қарори иловасининг 5 ва 11-бандларида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан имзоланган 25-сонли Қарори билан тасдиқланган Тартиб асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзи ундирувини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво ариза (ариза)лар ва илтимосномаларни иқтисодий судларга фақат ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориш ҳамда мазкур тоифадаги ишларни электрон шаклда шакллантириш тартиби жорий этилиши белгилаб қўйилди.
Иқтисодий судларга ахборот тизими орқали солиқ қарзи ундирувини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича даъво ариза (ариза)лар ва илтимосномаларни электрон шаклда юбориш ҳамда мазкур тоифадаги иқтисодий ишларни электрон кўринишда шакллантириш тартибининг 6-бандида солиқ қарзи ундирувининг солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш электрон шаклда шакллантирилиши, мазкур тоифадаги ишлар давлат солиқ инспекциялари биноларида сайёр суд мажлисида кўрилган тақдирда, суд мажлисини ўтказиш хонаси зарур техника воситалари (компьютер, сканер, принтер) ва интернет алоқа тармоғи билан таъминлаш мажбурияти солиқ органи зиммасига юклатилганлиги юзасидан тушунтириш берилди.
Семинарда суд ходимлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Сирдарё вилояти иқтисодий суди