КЕГЕЙЛИ ВА ҚОРАЎЗАКДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан вилоятларда сайёр қабуллар ўтказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли ва Қораўзак туманларида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков ҳамда Олий суд судьялари С.Мамбеткадыров ва Р.Исмаилов томонидан оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.
Ўтказилган сайёр қабулларда тадбиркорлик субъектларининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари тингланди.
Сайёр қабуллар давомида 9 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.
Жумладан, жиноят ишлари буйича судлар масаласида 4 нафар фуқаро қабул қилинган, шундан 1 нафар фуқародан назорат тартибидаги ариза қабул қилиниб, 1 нафар фуқаронинг аризаси қаноатлантирилди, 2 нафар фуқарога мурожаат қилиш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Фуқаролик ишлари масаласида 2 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 1 нафар фуқаро турар-жойни бўлиш масаласидаги фуқаролик иши туман ҳокимлиги томонидан уй-жой билан таъминланадиган бўлиб, фуқаронинг суд қароридан розилиги билдирилди.
1 нафар мурожаатчи фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг ҳал килув кароридан норози бўлиб мурожаат қилди. Унинг иши кўриб чиқилгач, 3 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатида иши қонуний кўриладиган бўлди.
Сайёр қабулларда маъмурий судлар ишига оид 2 нафар фуқаро мурожаати қабул қилинди, шундан 1 нафар фуқарога оид маъмурий иш Кегайли тумани маъмурий суди томонидан яраштириш масаласида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддаси билан огоҳлантирилди ва 1 нафар фукарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Иқтисодий судлар ишларига оид 1 нафар фуқаро қабул қилиниб, Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 16 августдаги ҳал килув карорининг ижроси юзасидан МИБ ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат этган. Бу масала назоратга олинди.
Бундан ташқари, сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Жорий йил 29 сентябрь куни содир қилинган жиноят Тахтакўпир туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, судланувчи А.Айтжанова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, у томонидан содир этилган жиноят унча оғир булмаган жиноятлар тоифасига кириши, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганлиги, аёллиги ва қаромоғидаги 3 нафар фарзанднинг ёлғиз боқувчиси эканлиги, кам таъминланган оилалар қаторига киришлиги, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаганлиги ва ўғирлик жиноятини моддий жиҳатдан қийналганлиги сабабли содир қилганлигини ҳисобга олиниб, суд уни Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков ҳамда Олий суди судьялари С.Мамбеткадыров ва Р.Исмаиловлар томонидан жиноят ишлари бўйича озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, жазо муддатини ўтаб чиққан фуқароларнинг ижтимоий ҳаёти ўрганилди.
Хусусан, Қораўзак тумани “Кутлы макан” МФЙ, А.Досназаров кўчаси 2-уй 5-хонада истиқомат қилувчи Жиноят кодексининг қатор моддалари билан судланиб, Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган А.Сметуллаевнинг яшаш жойига борилди.
А.Сметуллаев айни пайтда “Қораўзак Айдос” МЧЖга ишчи бўлиб ишга қабул қилинганлиги маълум бўлди.
Олий суд раиси ўринбосари ва судьялари томонидан сайёр қабуллар давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати