“МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ –МЕНИНГ СУДЬЯМ”
Чилонзор туманида Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тадбир бўлиб ўтди.
Унда жиноят ишлари бўйича туман судьялари И.Собиров, С.Арипов, Д.Валиев ва Д.Дадаханова, Чилонзор туман прокурори ўринбосари А.Мухторов, “Зарқўрғон”, “Катта Олмазор”, “Ботирма”, “Кўтарма”, “Лутфий”; “1-Чарх Комолон”, “2-Чарх Комолон”, “3-Чарх Комолон”, “Новза”; “Қатортол”, “Чилонзор”, “Дилобод”, “Халқлар дўстлиги”, “Тирсакобод”; “Шараф”, Шарқ тонги”, “Гулистон” ўзини-ўзи бошқариш органлари фаоллари ва аҳолиси, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси С.Содиқов, туман ИИО ФМБ ҳудуддаги профилактика нозирлари, муқаддам судланган шахслар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
-Юқорида кўрсатилган қарорда барча давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги амалий механизмини жорий этиш пойтахтимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг раиси И.Собиров. – Давлатимиз раҳбари томонидан судларга юклатилган вазифалар ижроси доирасида суд органлари томонидан фуқароларнинг тинч ва фаровон турмушини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судьялари И.Собиров, С.Арипов, Д.Валиев ва Д.Дадахановаларнинг аҳоли билан ўтказилган сайёр учрашувлари доирасида фуқароларнинг сайёр қабули, сайёр суд мажлиси, киритилган хусусий ажрим муҳокамаси, сайлов қонунчилиги мавзусида ҳуқуқий тарғибот ишлари ва тадбиркорлик субъектларининг хукуклари ва конуний манфаатлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш мавзулари юзасидан мулоқатлар ўтказилди.
Мазкур учрашувлар пойтахтимиздаги ҳар бир маҳаллани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган комплекс тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу тадбирлар аҳоли лоқайдлиги ва бепарволигига йўл қўймаслик, жамиятда тинч ва осойишта яшаш шароитини яратиш мақсадида ўтказилмоқда.
Фуқароларнинг сайёр қабулида халқнинг муаммолари ва дарду-ташвишлари аниқланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Аҳолининг йиғилишдаги мурожаатларининг асосий қисмини судларда жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларнинг кўриб чиқилиши, суд қарорлари ижроси, моддий ёрдам олиш, пенсия таъминоти, болалар нафақасини расмийлаштириш, бандлик, меҳнат ва фуқаролик муаммолари, паспорт ва рўйхатга олиш билан боғлиқ масалалар ташкил этди.
Шунингдек, судьялар аҳолини судларнинг фаолияти, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ўртасида жиноятчилик, шунингдек, мамлакатимизда коррупция, фирибгарлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, босқинчилик, ўғирлик, талончилик, безорилик жиноятларининг олдини олиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тартиби борасида амалга оширилаётган ишлари билан батафсил таништирди.
Маҳалла фуқароларига уларни қизиқтирган муаммо ва масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди ҳамда суд орқали ҳал қилиш талаб этилаётган баъзи масалалар алоҳида эътиборга олинди.
Судья И.Собиров раислигида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида, 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Х.Г.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми, яъни қасддан баданга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказиш бўйича жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, тарафларнинг музокара нутқларини, судланувчининг ҳимоя ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят иши материаллари билан танишиб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқди.
Судланувчи Х.Г. ушбу жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди.
Унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, судланувчига нисбатан жабрланувчининг даъволари йўқлигини, оилавий шароитини, 2-гуруҳ ногирони эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Суд мажлиси якунида раислик этувчи томонидан қабул қилинган суд ҳукми ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд жараёни иштирокчиларига батафсил тушунтирилди, ҳукмдан норози тарафларга тегишли муддатларда апелляция ёки кассация тартибида юқори турувчи судга шикоят қилиш ёки протест билдириш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилиб, бу борада махсус тайёрланган ва қонунчиликдаги тегишли нормалар акс эттирилган буклет тақдим этилди.
Шундан сўнг, раислик этувчи иштирокида мазкур жиноят иши юзасидан киритилган хусусий ажрим муҳокама этилиб, мазкур жиноятнинг содир этиш сабаблари, жиноят фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига, криминоген вазият барқарорлигига салбий таъсир этишига олиб келиши тушунтирилиб, келгусида жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса ёш авлод ўртасида маънавий-маърифий ва ҳуқуқий-тарбиявий ишларни олиб боришга оид фаолиятни янада жадаллаштириш ва кучайтириш бўйича зарурий таклифлар берилди.
Учрашувда ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўймаслик жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шарти эканлиги таъкидланди. Шу боис ҳам, ҳар бир фуқаронинг “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган ғоянинг нечоғлик муҳимлигини англаб етиши катта аҳамият касб этади.
Тоҳиржон Исмоилов, Олий суд катта консультанти