October 29, 2019

ИЖРОГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР

  Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Еркин Утениязов томонидан Мажбурий ижро бюроси Амударё тумани бўлими биносида суд ва бўлим ходимлари иштирокида суд ҳужжатларининг ижроси аҳволи ва бу борадаги ишлар таҳлилига бағишлаган йиғилиш ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан 2019 йилнинг 9-ойи давомида 387 та ижро ҳужжати мажбурий ижро бюроси Амударё тумани бўлимига юборилган бўлиб, (150 та ижро варақлари ҳамда 237 та суд буйруқлари) бугунги кунга қадар 43 та ижро варақалари, 31 та суд буйруқлари бўйича жами 74 та ижро ҳужжати ижро қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 23-моддасида 4-бўлимида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилишини, қонуннинг 30-моддасида ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида суд ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак, деб кўрсатилган.

Суд томонидан доимий равишда суд ижрочилари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ижрога юборилган ижро ҳужжатлари бўйича таққослаш ишлари, ижро қилинмаган ва қолдиқда қолган ижро ҳужжатлари бўйича ижро қилинмаслик сабаблари ҳақида хатлар юборишни йўлга қўйиш ва ҳар бир фуқаролик ишлари бўйича эслатмалар ҳамда тақдимномалар ёзилиб юборилиши ва уларнинг ижроси таъминланишини назорат қилиб бориш, ўз вақтида юборилиши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

Жасур Абдиримов,

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди девохона мудири