December 4, 2019

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ВА АЁЛЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНДИ

Пойтахтимизда жойлашган Гулшан боғи маданият саройида Мирзо Улуғбек тумани жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар судьялари иштирокида вояга етмаганлар ва аёллар жиноятчилиги муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда туман Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу йўналишда судлар томонидан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ҳамда 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан судлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу қарорлар юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2019 йилнинг 9 ойида вояга етмаганлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир этилган жиноятлар умумлаштирилди.

Маълумот ўрнида айтганда. вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 5 тага ёки 8,8 фоизга, шахслар сони эса 18 тага ёки 20,2 фоизга камайган.

Вояга етмаганлар томонидан энг кўп содир этилган жиноят турлари ўғрилик, босқинчилик ва безорилик жиноятларини ташкил этган.

Аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони 27 тага ёки 5,6 фоизга, шахслар сони эса 53 тага ёки 9,4 фоизга камайган.

Аёллар томонидан энг кўп содир этилган жиноят турлари фирибгарлик, ўғрилик ва гиёвандлик жиноятларини ташкил этган.

Тадбирда вояга етмаганлар ва аёллар жиноятчилиги борасида бугунги холат бўйича маълумот берилди. Бу жиноятларнинг олдини олиш, унга қарши кураш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Суд раислари томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди