September 23, 2019

ТЎЛАНМАСДАН ҚОЛГАН ИШ ҲАҚИ УНДИРИЛАДИГАН БЎЛДИ

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Яккабоғ туман кенгаши биносида фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди судьяси Н. Гадаев томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Бўлиб ўтган сайёр қабулда 10 нафар фуқаронинг мурожаати ва даъво аризалари қабул қилиниб, судья томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Бундан ташқари 14 та фуқаролик иши бўйича сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида даъвогар Ш.Тошқуловнинг жавобгар Яккабоғ тумани “FULLGAZ PLUS” МЧЖга нисбатан иш ҳақини ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўрилди.

Даъвогар Ш.Тошқулов 2012 йил 1 октябрдан МЧЖга иш юритувчи лавозимига ишга тайинланган. МЧЖнинг 2013 йил 1 декабрдаги буйруғи билан ўз ҳоҳишига кўра ҳисобчи вазифасига ўтказилган.

Ўша даврда МЧЖнинг молиявий аҳволи анча оғир бўлганлиги боис иш ҳақини вақтида ололмаган. МЧЖ раҳбари молиявий аҳвол яхшилангандан сўнг барча иш ҳақларни тўлиқ тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Даъвогар суддан ўтган даврда иш ҳақларини қисман олиб турганлигини, 2016 йил октябрь ҳолатида жами 12.991.578 сўм миқдордаги иш ҳақлари тўланмасдан қолганлигини билдириб, ушбу қарздорликни МЧЖ ҳисобидан ундириб беришни сўради.

Сайёр суд мажлисида даъво талаби кўриб чиқилиб, даъвогарнинг қонун билан қўриқланган манфаатлари суд томонидан тикланди. Унга жами тўланмасдан қолган 12.991.578 сўм миқдордаги иш хақини ундириш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди