ҲАМКОРЛИКДАГИ ҲУҚУҚИЙ ТАДБИР
Томди тумани “Сукетти” овул фуқаролар йиғинида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидов, Томди тумани адлия бўлими бошлиғи Р.Баракаев, ДСИ бошлиғи О.Умаров, прокурор ёрдамчиси Ф.Каҳоров ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан ҳамкорликда овул фуқаролар йиғинлари аҳолиси ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.
Учрашувда суд раиси А.Хамидов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти ва унга киритилган сўнги ўзгартиришлар, Иқтисодий судлар томонидан кўриладиган низолар ҳамда Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида тушунчалар берилди.
Яқинда бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида сўз борар экан, суд раиси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги ҳақида гапирди.
Шунингдек, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар ҳамда қонунга киритилган сўнгги ўзгаришлар ҳақида фикрлар билдирилди.
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди