October 10, 2019

УЧ МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАРИ МУАММОЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

 Қашқадарё вилояти Косон туманида жойлашган 102-умумтаълим мактабида Косон туман маъмурий суди ва туман Халқ қабулхонаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан сайёр қабул ташкил этилди.

Унда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, давлат хизматлари агентлиги, адлия бўлими, соғликни сақлаш, электр таъминоти корхонаси, “Жанубтаминотгаз” Косон тумани бўлими, “Агробанк”, “Микрокредитбанк” ва “Халқбанки” туман филиали вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда Косон туман Халқ қабулхонаси мудири Ўткир Хонкелдиев сўз олиб, ишлаб чиқилган тадбирлар режасига мувофиқ аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказилаётганлиги, мавжуд тизимли муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тадбирда Косон туман маъмурий суди раиси Эркин Эшонбобоев мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси”нинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, учрашувда Косон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси А.Холмуминова аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, туман адлия бўлими бошлиғи Н.Қодирова тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Д.Раҳмонова оила ва жамият муносабатлари мавзусидаги маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирда иштирок этган “Хўжақудуқ”, “Бўстон” ва “Раҳимсўфи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Сайёр қабулда фуқаролар Қ.Тоғаев, Б.Жонибеков, А.Ғаниев, Р.Напасов, Т.Бекмуродов, А.Жомуродов, А.Норқулов, Ч.Тоғаев, С.Абдуллаев, Р.Норбоев, И.Хужанапасов ва Н.Аноровларнинг мурожаатлари эшитилиб, муаммолари қонуний муддатларда ҳал қилиб берилиши бўйича тегишли тушунтириш берилди.

Косон тумани маьмурий суди