ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИНГ АҲАМИЯТИ
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьялари Наманган муҳандислик-қурилиш институтида “Фуқаролик жамиятини барпо этишда қонун устиворлигининг аҳамияти” мавзусида учрашув ўтказишди.
Тадбирда вилоят судининг судьялари, Наманган шаҳар прокурорининг ўринбосари Д.Абдуллаев, вилоят ИИБ Вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими инспектори, капитан А.Тожибоев ҳамда Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари иштирок этди.
Унда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди судьяси М.Султанова ўз марузасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ташкил топиш тарихи, фуқаролик муносабатлари, оила ва никоҳ тушунчалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Никоҳ ва оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклатилган. Судлар оила тўғрисидаги қонунчиликдан келиб чиқиб, оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги, бунда жамоатчиликнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади.
Суд энг охирги босқич, оилани сақлаб қолиш чоралари дастлабки босқичда маҳалла ва қариндош уруғлар томонидан кўрилиши лозим. Бир оиланинг барбод бўлиши шу оиладаги фарзандлар руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатади. Буни асло унутмаслик керак.
Тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Зафар Темиров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Наманган вилоят суди
судья катта ёрдамчиси