September 23, 2019

МАҲАЛЛАДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Учқудуқ тумани “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси А.Ҳамидов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Ж.Каримов ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган тартиблар юзасидан Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидовнинг маърузаси тингланди.

Нотиқ ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 окябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.

Йиғилишда Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Хусусан, Иқтисодий процессуал кодексига янги боб, яъни “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” боби киритилган бўлиб, унга кўра агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши ҳақида ва кодекснинг бошқа жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.

 

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди