САЙЛОВ ВА ЁШЛАР
Шеробод тиббиёт коллежида сайлов қонунчилигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда тиббиёт коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари, суд вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Шеробод туманида фаолият кўрсатаётган жиноят. фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд раислари иштирок этиб, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилаётгани, сайлов жараёнларини тартибга солувчи нормаларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланишига замин яратаётганини таъкидлади.
Президентимиз томонидан таклиф этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари сайлов жараёнини янада эркинлаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
2012 йилда амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ сайловолди ташвиқоти жараёнининг моҳиятини очиб бериш ва унинг бир хилда тушунилишини таъминлаш учун “сайловолди ташвиқоти” тушунчасига таъриф берилди, унинг шакл ва усуллари аниқ белгиланиб, сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги каби янги қоидалар киритилди.
Тадбир очиқ мунозара тарзида ўтказилиб, ёшлар ўз фикрлари билан фаол иштирок этди. Суд раислари томонидан ёшларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилиб, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, тиббиёт соҳасига оид янгиликлар ва суд ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида фикр юритилди.
Шеробод туманлараро иқтисодий суди