ТЕХНИКА ХАВФСИЗЛИГИГА РИОЯ ҚИЛМАДИ
Ойбек Жалилов 2017 йил 5 февралдан “Қарши электр таъминоти корхонаси ЭЧ-5” “Қашқадарё контакт тармоқлари ЭЧК-28” 16-цехида электромонтёр вазифасида ишлаб келарди.
2019 йил 26 май куни соат 15:00 ларда у дубликат бланкасини катта электромеханик Э.Бобомуродов номидан ёзиб тўлдириб, имзосини қўйган.
Иш боши сифатида бригада аъзоларига йўриқнома ўтиб, шу куни соат 18:30ларда 96-сонли наряд-ижозат бўйича “Қашқадарё-Негуз” перегонида бригада аъзоларига ишларни бажартириб, техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини қўпол равишда бузиб, ҳаёт учун хавфли бўлган иш бажаришига йўл қўйиши натижасида, электромонтёр Н.Чориев иш жойидан ташқарида бўлган контактли электр узатиш тармоғининг 289-устунидан 1,5-2 метрлар чамаси оралиқда жойлашган линияни қўли билан кесиб, симни тўғрилаш пайтида кучланишли (наводка) контакт линиясида электр токи таъсирига тушиб қолганлиги сабабли ток уриши натижасида вафот этган.
Ушбу холат бўйича қўзғатилган жиноят иши “Қарши электр таъминоти корхонаси ЭЧ-5” маъмурий биносида очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суднинг ҳукмига асосан О.Жалиловга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 257-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 228-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида 1 йил 6 ой техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этилиши учун масъул лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ахрор Ғоппоров,
Жиноят ишлари бўйича Косон тумани суди раиси