January 23, 2020

САЙЁР СУДЛАР САЛМОҒИ ОРТМОҚДА

 Тан олиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда суд мажлисларининг сайёр суд тартибида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашни истардим.

Жиззах вилоятининг маъмурий судлари томонидан ўтган йилда барча туман (шаҳар) ҳудудларида сайёр суд мажлислари ўтказилди. Эътибор берилса, судлар томонидан маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларининг аксариятида бир неча маротабадан сайёр суд мажлислари ташкил этилган. Бу нима беради?

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши бир мунча тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки, сайёр суд натижасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги ортади. Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг муҳокамаси давомида унинг сабаби, содир этилишига сабаб бўлган омиллар чуқур таҳлил қилинади, иштирокчиларга етказилади. Натижада ўша ҳудудларда ҳуқуқбузарлик холатлари камайишига туртки бўлди.

Статистик рақамларга таяниб айтганда, Жиззах вилоят маъмурий судлари томонидан ўтган 2019 йил давомида 22 минг 850 шахсга нисбатан 19 минг 605 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қўлланилган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларнинг 11 минг 470 таси ёки 58,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Жойларда сайёр суд мажлисларининг ўтказилиши, фуқаронинг етти марта эшитгандан кўра, бир марта суд мажлисини кўргани ва содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жазонинг муқаррарлигига ишонч ҳосил қилиши, суднинг тарбиявий ролини кучайтиришга, маҳалла ва меҳнат жамоаларида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, қонунчиликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Биз мазкур йилда ҳам маҳаллаларда, таълим муассасаларида сайёр суд мажлислари ўтказиб, ҳуқуқбузарлик холатларини муҳокама қилиш тажрибасини кенг йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Сайёр суд мажлисларини ўтказишда ҳуқуқбузарлик ёки низо кўп учраётган ҳудудларни қамраб олиш муҳим аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас.

 

А.Мамараҳимов, Жиззах вилоят маъмурий суди раиси