October 10, 2019

ЭЛОБОДДА САЙЁР УЧРАШУВ

 Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов, судья С.Қувватов ва Булунғур туман маъмурий суди раиси Ш.Тўхтаевлар Булунғур туманида жойлашган “Элобод” маҳалла фуқаролари йиғинида аҳоли билан учрашув ўтказди.

Унда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, “ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш мавзулари ҳақида сўз борди.

–Айни пайтда, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди,- дейди Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов, - Эътироф этиш керакки, ҳуқуқбузарликларнинг бир қисми доимий иш билан таъминланмаган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда Булунғур туман маъмурий суди раиси Ш.Тўхтаев яна бир муҳим масала– ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга тўхталди.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашда судьялар ва суд ходимлари ҳам ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётганлигини айтиб ўтди.

Учрашувда Жомбой туманлараро иқтисодий суди судьяси С.Қувватов мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида Элобод МФЙ раиси Х.Нишонов маҳаллада судьялар томонидан бундай сайёр учрашувларнинг ўтказилиши фуқаролар ҳуқуқий онги ошишида ва муаммолар ҳал этилишда ўз самарасини бераётганлигини мамнуният билан таъкидлади.

Жомбой туманлараро иқтисодий суди