САЙЁР СУДДА 5 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Навоий вилояти Томди туманидаги “Томдибулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида суд томонидан турли жазоларга ҳукм қилинган маҳкумлар иштирокида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир жиноят ишлари бўйича Томди туман суди ва туман ички ишлар органлари Пробация гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сайёр суд мажлисида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш жазоларига суд томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси талаблари асосида жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги Томди туман ИИО ФМБ Пробация гуруҳининг 5 та тақдимномаси кўриб чиқилди. Натижада, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган 5 нафар маҳкум Жиноят кодексининг инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Мисол учун, 2018 йил 22 февралда жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддасининг 2-қисми “б, в, г” бандлари, 209-моддасининг 2-қисми “а” банди, 184-моддасининг 2-қисми “б” банди билан Жиноят кодексининг 59, 60-моддалари тартибида 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган маҳкум Т.Исломов меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани учун Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра ўталмай қолган 1 йил 4 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан ҳамда муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Ушбу турдаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишдан кўзланган асосий мақсад, суд ишида иштирок этаётган бошқа маҳкумлар ҳам қайта жиноят содир этмаслик, қатъий тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ учун ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя этган ҳолда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган тақдирда уларни ҳам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қонун билан кафолатланишини тарғиб қилишдан иборат.
Сайёр суд мажлиси якунида маҳкумларга жазодан шартли равишда озод қилиш тартиби, келгусида жиноят содир этмаслик ва қўлланилаётган енгилликлардан ижобий хулоса чиқариш лозимлиги тушунтириб ўтилди.
Дилобар Эргашева, Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси