January 13, 2020

ВИЛОЯТ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ЎТГАН ЙИЛГИ ФАОЛИЯТЛАРИ ЮЗАСИДАН ЖАМОАТЧИЛИККА АХБОРОТ БЕРИШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 июлдаги Фармони 1-бандида, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланган.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, жамотчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига судлар фаолияти тўғрисида тўлиқ ахборот бериш билан бирга уларни соҳага оид қизиқтирган саволларига жавоблар бериш орқали тадбирнинг самарали ўтишини таъминлаш мақсадида ушбу брифинглар 2019 йилдан бошлаб матбуот анжумани (пресс-конференция) шаклида ташкил этилиб, ўтказилиб келинмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад - вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, шунингдек туманлараро, туман (шаҳар) судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш, бу орқали суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш, шу билан бирга ОАВ ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишлари (ишни кўриш жараёни, иш натижалари ва ҳоказо)ни нотўғри талқин қилиш, ёритиш ва изоҳлашни олдини олишга қаратилган.

Шу мақсадда жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида Навоий вилоят судлари раислари томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида судлар раислари Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишда юксак самаралар бераётганини таъкидлаб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янги қонун ҳужжатлари, судлар томонидан 2019 йил мобайнида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан 2019 йилда жами 1.185 нафар шахсга нисбатан 852 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 617 нафар шахс ёки 65,7 фоизга, жиноят ишлари эса 529 та ёки 61,6 фоизга камайган.

Тамомланган ишларнинг 930 нафар шахсга нисбатан
623 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 377 та ёки 62,3 фоизга камайган.

Шунингдек, ҳисобот даврида 250 нафар шахсга нисбатан 224 та иш тугатилган, 3 та иш бўйича 3 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.

Жами тамомланган ишларнинг 34 таси вилоят судининг биринчи инстанциясида, 818 таси эса туман (шаҳар) судларида кўрилган.

Ҳисобот даврида биринчи босқич суди томонидан 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 18 нафар шахс юқори инстанция суди томонидан оқланган.

-Ўтган 2019 йил мобайнида одил судловни амалга ошириш борасида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳам муайян ишлар қилинди, - дейди Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси Нодирбек Файзиев, - Вилоят ва туманлараро судларида 2019 йил давомида жами 7.475 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинди.

Бу кўрсаткич 2018 йил (8.272 та)га нисбатан 797 тага камайганлигини кузатиш мумкин.

Жами кўрилган 7.475 та фуқаролик ишларидан 6.098 таси ёки
81,6 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 349 таси ёки 4,7 фоизи бўйича фуқаролик ишлари ҳаракатдан тугатилган ҳамда 1.028 таси ёки 13,7 фоизи бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан 2019 йил мобайнида Навоий вилоят ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судларида 25.549 та шахсга нисбатан 20.397 та иш кўриб чиқилган.

Суриштирув органлари томонидан 2019 йил мобайнида маъмурий судларга 20.604 та маъмурий ишлар келиб тушган бўлиб, шундан 9.770 таси ички ишлар бўлимларидан, 1.842 таси прокуратура, 5.543 таси солиқ идоралари томонидан, 432 таси божхона органи томонидан ва 3.017 таси бошқа органлардан келиб тушган ишларни ташкил этади.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга процессда қатнашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳисобот даврида жами кўрилган 20.397 та ишларнинг 13.625 таси ёки 66,8 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Йиғилишда иқтисодий судлар фаолияти ҳақида маълумот берган Навоий вилоят иқтисодий суди раиси Тимур Абдраманов ўтган 2019 йилда жами 5.642 та иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар, шу жумладан хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига 323 млрд. 445 млн. сўм зарарлар ундирилганлигини таъкидлади. Шунингдек, низоли тартибда кўрилган ишларнинг 3.668 таси ёки 65 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Даъво ариза ва аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи 886 млн. сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 8 млрд. 444 млн. сўм сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга жами 446 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, шундан 230 таси ОАВларда ёритилган бўлса, 216 таси бўйича бевосита аҳоли билан учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилган.

Тадбирда Навоий вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги қайд этилди.

 

Навоий вилоят судлари