July 5, 2019

АСОССИЗ ГУМОН САБАБЛИ ФАРЗАНДИДАН КЕЧГАН КИМСА

Маълумки, Конституциямизнинг 63-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ушбу конституциявий меъёр замирида фарзанднинг ота-она учун берилган улуғ неъмат эканига доир халқона ҳикмат ўз мужассамини топган.

Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насаби давомчиси, оиласини мустаҳкам боғлаб турувчи меҳр-оқибат занжири ҳисобланади. Ҳар бир инсон учун ота-она бўлиш бахти, бир томондан, унга фарзанд ато этилгани туфайли ҳаётини тўлдирган чексиз қу­вонч манбаи бўлса, иккинчи томондан, ана шу бахтиёрликни барқарор сақлаш йўлидаги катта масъулият­ ҳамдир.

Афсуски, айнан шу муқаддас масъулият охирги пайтларда айрим юртдошларимизга малол келаётгандек туюлади. Чунки баъзи кимсалар томонидан ноҳақ гумон ва шубҳалар асосида ўз фарзандига нисбатан эътирозлар билдириш ҳолатлари учрамоқда.

Бу ҳолатни суд амалиётидаги аниқ бир мисол негизида кў­риб чиқамиз.

Оила кодексининг 63-моддасига кўра, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақт­дан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.

Даъвогар М.Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уш­бу қонун талабига асосланган ҳолда судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. У С.Салимовадан туғилган А.Салимов исм­ли фарзанди ўзининг боласи эмаслиги юзасидан эъ­тироз билдирган.

Аниқланишича, М.Салимов 2013 йил 14 майда С.Салимова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган. Биргаликдаги турмушларидан 2015 йил 6 июнда Акрам Салимов исмли фарзандлари туғилган. Аммо эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли улар аразлашиб, бирга яшамаган.

Даъвогар М.Салимов ўзининг даъво аризаси ва судда берган тушунтиришларида ҳеч қандай далил ва асоси бўлмаса-да, бола ўзининг фарзанди эмаслигини маълум қилган. Шу сабабли биринчи инс­танция су­ди томонидан даъвогарнинг важлари асосида одам ДНКси суд-биологик экс­пертизаси тайинланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази 2016 йил 18 августдаги хулосасини судга тақдим қилган. Унда даъвогар М.Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А.Салимовнинг отаси экани тасдиқланган.

Аммо бунга қарамай, М.Салимов ушбу экспертиза хулосасини ҳам шубҳа остига олган. Бу хулоса асоссиз ва ноқонуний равишда берилганини маълум қилиб, суд қарори устидан назорат тартибида ши­­коят берди.

М.Салимовнинг талаби асосида Олий суд томонидан яна одам ДНКси суд-биологик экс­пертизаси тайинланди. Шу тариқа 2019 йил 15 июндаги экс­пертиза хулосасида ҳам даъвогар М.Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А.Салимовнинг отаси экани такроран ўз тасдиғини топди.

Бу ўз-ўзидан М.Салимовнинг даъвосини қаноатлантиришга асослар мавжуд эмаслигини билдиради. Шунинг учун Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Албатта, бу ўринда гап суд қарорининг ўзгаришсиз қолдирилганида эмас. Аксинча, ҳо­зирги кунда ҳаётда асоссиз гумонлар билан ҳатто ўз фарзандидан воз кечишга уринаётган кимсалар (уларни ота деб аташга ҳам тил бормайди) ҳам борлиги кишини қаттиқ ташвишга солади.

Бундай кимсалар оддий ҳа­қиқатни тушунишни истамайди. Бунинг ўрнига ўзининг пуч гумонларини тасдиқлаш илинжида нафақат тинимсиз елиб-югуради, балки каттагина моддий ҳаражатлардан ҳам воз кечмаяпти. Масалан, М.Салимов ўзининг даъвоси асосида ўтказилган иккита суд экспертизаси учун 3.000.000 сўм атрофида маблағ сарфлади. Агар у бу маблағни фарзандининг моддий таъминоти ёки таъ­лим олиши учун сарфласа, аввало, ўзи, қолаверса, боласи, оиласи ва жамиятимиз учун фойдали бў­ларди, албатта.

Бу воқеани бежизга баён этмадик. Зотан, муқаддас Ҳадиси Шари­ф­­ларда фарзанд жаннатдаги хушбўй райҳонга қиёсланади. Айтмоқчимизки, оила бўстонида ўсаётган райҳону жамбилларимизга ҳамиша меҳр-оқибатли бўлайлик.

Акмал Муродов, Олий суд судьяси