November 21, 2019

ЯНГИ ҚОНУНЛАР МОҲИЯТИ

 Айни пайтда барча соҳалар каби тадбиркорликда ҳам турли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни қабул қилинаётган қонунлар, қонун ости ҳужжатларида ҳам кўришимиз мумкин.

Ушбу йўналишда “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди.

Мазкур Қонунлар доирасида Пешкў туманлараро иқтисодий суди томонидан корхона, муассаса ва ташкилотларда тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан кенг қамровли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

Пешкў тумани электр таъминоти корхонасида Пешкў туманлараро иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи Фарруҳ Муродов, судья ёрдамчиси Музаффар Мухторов билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ҳамда туман электр таъминоти корхонаси ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ташкил этилиб, раислик вазифасини бажарувчи Ф.Муродов ва судья ёрдамчиси М.Мухторов томонидан юқоридаги Қонунларнинг мазмун моҳияти, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий билимини ошириш борасида маъруза қилинди.

Бундан ташқари, учрашув давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кераклиги, бунинг натижасида юртимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мумкин, деган сўзлари эслатиб ўтилди.

Тадбирда судьялар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, тадбиркорлар давлатимиз келажаги эканлиги, мамлакатимизнинг ривожланишида уларнинг роли муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

 

Пешкў туманлараро иқтисодий суди