САЙЁР УЧРАШУВ ВА САЙЁР СУД
Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекциясида Мирзо Улуғбек тумани жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раисларининг туманида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш ҳамда судларда белгиланган “Тадбиркорлар куни” ва “Очиқ эшиклар куни” юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Ф.Тўраходжаев жаҳон бозорида беқарорлик ҳамон сақланиб турган бугунги шароитда Ўзбекистонда миллий иқтисодиётимизнинг барча соҳалари изчил ривожланаётгани, кенг кўламли ўзгаришлар давом этаётгани, бозор механизмлари мустаҳкамланиб, экспорт салоҳияти юксалаётгани ва хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажми ортиб бораётгани, бу даврда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш юзасидан судлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Сайёр учрашувда Тошкент иқтисодий суди судьяси Р.Сагатов сўзга чиқди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар янги мазмун-моҳият касб этмоқда. Хусусий мулк ҳуқуқлари ва унинг ҳимояси мустаҳкамлангани ҳақида тадбиркорларга маълумот берди.
Тадбирда 17 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. 13 та ҳолатга тегишли маслаҳат берилди. Гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Шунингдек, учрашувда сайёр суд ташкил этилиб, муқаддам суд ҳукми билан турли жазоларга судланган 4 нафар тадбиркор тайинланган жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди